Хусусий мактаб ва боғчалар учун лицензия талабини бекор қилиш таклиф этилди
Таълим ва илм-фан вазири Эркинжон Турдимов Самарқанд вилоятида таълим соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлар билан учрашувда хусусий мактаб ва боғчаларни лицензиялаш тартибини қайта кўриб чиқиш масаласини кўтарди.
Вазирнинг фикрича, хусусий таълим муассасасини очиш учун санитария-эпидемиология, қурилиш, ёнғин хавфсизлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар рухсат берган бўлса, вазирлик томонидан қўшимча лицензия берилиши қанчалик зарурлиги савол туғдиради.
«СЭС, қурилиш, “пожарний” ва бошқа тегишли ташкилотлар кўриб, рухсат берган бўлса, вазирлик ниманинг эвазига лицензия беради? Улар нимани кўриб беради? Умуман, хусусий боғча ва мактаб очишда вазирликнинг лицензия бериш талабини йўқотиш керак», – деди Турдимов.
Учрашувда тадбиркорлар давлат-хусусий шериклик асосида боғчалар ташкил этиш, хусусий мактаблар учун бўш бинолардан фойдаланиш, солиқ имтиёзлари ва спорт заллари қурилишига имтиёзли кредитлар ажратиш масалаларини ҳам кўтарди.
Шунингдек, педагогларнинг хорижда тажриба алмашиши, виза олиши ва оилавий боғчаларда қўшимча штатлар ажратиш билан боғлиқ мурожаатлар билдирилди.
Масалаларни тегишли идоралар билан биргаликда ўрганиш ва ечим ишлаб чиқиш учун масъуллар белгиланди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter