Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Япония билан кадрлар тайёрлаш бўйича 2,76 млн долларли шартнома имзоланди

Япония билан кадрлар тайёрлаш бўйича 2,76 млн долларли шартнома имзоланди

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Ўзбекистон ҳамда Япония ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорлик келишуви имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

4 июль куни вазирликда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма, Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг (JICA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миязаки билан учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда Кунчиқар ўлка билан ҳамкорлик алоқаларининг истиқболлари муҳокама қилинди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ҳукумати номидан Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов ва Япония элчиси Ёшинори Фужияма кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар лойиҳалари бўйича алмашинув нотасини имзолади. Айни чоқда, 298 млн иена (2,76 млн доллар) қийматига тенг ушбу лойиҳани бажариш бўйича JICA билан грант битими маъқулланди.

Япония элчихонаси маълумотига кўра, JDS лойиҳаси (The Project for Human Resource Development Scholarship) доирасида келаси йилда 18 нафар давлат хизматчисига Японияда магистратура, бир нафарига эса докторантура босқичида ўқиш имкони яратилмоқда.

«Ушбу лойиҳа Ўзбекистон келажаги учун масъул бўлган ёш мутахассисларга касбий билимларни чуқурлаштирган ҳолда мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий тараққиётига ҳисса қўшиш имконини беради. Лойиҳа Япония ҳақидаги билимларни мустаҳкамлаш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дўстона робиталарни янада ривожлантиришга ҳам хизмат қилади», – дейилади элчихона хабарида.

Маълумотларга қараганда, Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида 378 нафар юртдошимиз Кунчиқар юртнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконига эга бўлди. Уларнинг 343 нафари магистрлик даражаси билан қайтиб, халқ хўжалигининг турли тармоқларида самарали меҳнат қилиб келмоқда. Бугунги кунда 35 ватандошимиз таҳсилни давом эттиряпти.

Япония Ўзбекистон давлат идоралари ходимларига таълим грантларини анъанавий равишда тақдим этиб келади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февраль ойида Япония элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган лойиҳа бўйича алмашув нотасини имзолади. Лойиҳа доирасида мазкур тиббий муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион АҚШ доллари) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.

Январь ойида эса JICA Ўзбекистонда Ипак йўли маданий меросини муҳофазага этишга маблағ ажратди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг