Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Акбархон Собирхонов: «Ёшларимиз лойиҳасидан қандай фойда кўришни билишмайди»

Акбархон Собирхонов: «Ёшларимиз лойиҳасидан қандай фойда кўришни билишмайди»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун дунё нафақат ҳар куни, балки ҳар соатда янги ўзгариш ва кашфиётларга гувоҳ бўлмоқда. Инсониятнинг ҳозирги ривожланиш босқичига етиб келиши ҳам ана шундай ютуқлар натижасидир. Буни англаган давлат борки, ўз тадқиқотчилари, олимлари, яратувчилари, ишлаб чиқарувчилари, дизайнерларини қўллаб-қувватлаб, уларнинг одамлар ҳаётини қулайлаштириш ва янада қизиқарли қиладиган лойиҳаларни ўйлаб топишига шароит яратмоқда. Ушбу жараёнда иқтидорли ёшлар иштирокини фаоллаштириш эса кўзланган мақсадга эришишда устуворлик бериши аниқ.

Яқин кунларда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган Technoways технологик марафонининг мақсади ҳам шу. Бугун бу ҳақда Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази директор ўринбосари Акбархон Собирхонов билан суҳбатлашамиз.

— Сизнингча, бугуннинг ёшлари илм-фан ва яратувчанликка қай даражада қизиқмоқда? Бу йўлда Инновацион ривожланиш вазирлиги иқтидорли ёшларга қандай ёрдам беради?

— Бугун ёшларимизда қизиқиш ва иқтидор жуда юқори. Улар янги технологияларни тез ўзлаштирмоқда. Бироқ фаолиятим давомида асосан ёшлар билан ишлаганим учун, шуни аниқ айтишим мумкинки, уларнинг битта хатоси — ҳаммаси техник эканлиги. Яъни, яратган лойиҳасини ҳаётга қандай татбиқ этишни билмаётгани. Уларда маҳсулот турлари бўйича ишлаш, маркетингини йўлга қўйишда сусткашлик бор. Ҳозиргача қанча гуруҳлар билан ишлаган бўлсак, уларга ҳар томонлама тушунтирилди, йўл-йўриқ кўрсатилди. Мана, яқиндан бу ёшларимиз ҳам ўз маҳсулотларини бозорга олиб чиқиб сотишни бошлашди.

Биласизми, ўзи инновация қачон инновация бўлади?! Қачонки, яратилган лойиҳа ҳаётга жорий қилинса, сотилса, одамларга фойда келтирса… Бизнинг ёшларда иқтидор, изланувчанлик, қизиқиш баланд, жуда кўп лойиҳалар яратиляпти, аммо инновация йўқ, тушуняпсизми?!

Шунинг учун ҳам Technoways технологик ривожланиш марафонини йўлга қўйишга қарор қилдик.

— Навбатдаги саволимиз айнан шу марафон ҳақида эди. Талаба-ёшлар учун илк бор ташкил этилаётган ушбу лойиҳа тўғрисида қисқача маълумот берсангиз.

— Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ташкил этилаётган Technoways технологик марафони 15-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда талабалар, тадқиқотчилар ҳамда илмга чанқоқ иқтидорли ёшлар инновация, стартап, технология, дастурлаш бўйича билимларини ошириши, шунингдек, лойиҳалар ишлаб чиқиши ҳамда тижоратлаштириш кўникмаларини шакллантириши мумкин. Марафонда қатнашиш истагида бўлганлар www.technoways.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари керак.

— Назаримда, ҳаммага лойиҳа таъсисчиси ким экани ва бунга нима туртки бўлгани, яна ундан қандай мақсадлар кўзлангани ҳам қизиқ.

— Бу марафоннинг ташаббускорлари Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ходимлари. Лойиҳани йўлга қўйишимизга эса жорий йил 12 июнида вазирлигимизнинг янги ва замонавий биноси очилиш маросимига Давлатимиз раҳбари ташриф буюриб, «Инновацион ривожлантириш вазирлигини бекорга талабалар шаҳарчасида қуриш бўйича топшириқ бермадим. Мазкур вазирлик барча олий таълим муассасаларидаги талабаларни бир ерга бирлаштирадиган жой бўлсин. Бу уларнинг уйи бўлиши керак», деган фикрлари асос бўлди дейиш мумкин. Эндиликда карантин тадбирлари анча юмшатилганидан фойдаланиб, қизиқиши ва иқтидори бор талабаларимизга улар учун яратилган шарт-шароитларни кўрсатиш фурсати етиб, ушбу марафонни ташкил қиляпмиз.

Бош мақсадимиз ёшларнинг иқтидорини юзага чиқариш ва улардан тўғри фойдаланиш. Очиғи, бизга шу керак. Энди икки ҳафталик дастуримизга келсак, бошида 3 кун талабаларга инновация нима, стартап нима, акселерация, тижоратлаштириш нима, яна қайси лойиҳадан қандай фойдаланиш кераклигини ўргатамиз. Шунингдек, ушбу соҳада ютуққа эришган мутахассислар томонидан семинар-тренинглар, воркшоплар ўтилади. Тўртинчи кундан эса улар жамоаларга бўлинади ва картинг зона, лабораторияларимиздан фойдаланишни бошлашади. Мутахассислар томонидан базавий билимлар берилади. Ва биз бунга параллел равишда муаммо тақдим этамиз. Улар шу муаммоларни ўз инновацион лойиҳалари билан ечишга ҳаракат қилишади. 15-куни эса жамоалар «Бизнес ангеллар»га лойиҳалари тақдимотини ўтказишади. Яна бир муҳим жиҳати, битта соҳадаги болалар бир-бири билан танишади, билим олади, тажриба алмашади.

— Марафонга бутун республика ёшлари қамраб олинадими ёки?..

— Албатта, марафонда бутун республикамиз талаба-ёшлари қатнашиши мумкин. Фақат ҳозирча пандемия сабаб онлайн рўйхатдан ўтганлар орасидан 50 нафар талабани танлаб олишга мажбурмиз. Сараланганлар марафонни бизнинг бинода ўтказишади. Қолганлар эса онлайн шаклда иштирок этишади. Улар учун ҳам онлайн дарслар, семинар ва тренинглар ташкил этилади.

— Лойиҳа самарадорлигини олдиндан баҳолаш мумкинми? Масалан, қанчалик натижа бериши маълум бир мезонларга солиб кўрилдими?

— Шу вақтгача олиб борган фаолиятимиздан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, кутилган натижани бериши аниқ. Юқорида таъкидлаганимдек, бизнинг ёшлар жуда иқтидорли ва яратувчан. Фақат улар лойиҳасидан қандай фойда кўришни, унинг босқичларидан ўтишни, қай тариқа сотишни билишмайди. Биз эса бундай ихтирочиларга йўл-йўриқ кўрсатиб, туртки беришимиз керак. Масалан, кўпчилик лойиҳа қилади-да, лекин қаерга олиб чиқишни билмай боши қотади. Ёки телевидениега олиб чиқиб, намойиш этади-да, тўхтаб қолади, уни бирор йўналишга жорий қилолмайди. Шу тариқа кўп ихтирочиларимиз руҳан «чўкиб», «синиб қоляпти». Миясига: «Э, барибир ҳеч ким бизга эътибор қилмайди. Лойиҳамизга ҳеч ким қизиқмайди», деган ўйлар ўрнашяпти. Мана, Инновацион ривожланиш вазирлиги нима учун ташкил этилди? Яъни биз давлат ташкилоти сифатида уларга йўл кўрсатишимиз, янгиликларга, инновацияларга ҳар доим очиқ эканимизни ҳис қилдиришимиз керак.

Шунингдек, уларга лойиҳани тижоратлаштириш зарурлигини англатишимиз даркор. Масалан, бир бола жуда зўр лойиҳа қилди дейлик. Лекин у одамларга фойда келтирмаса, ҳаётга татбиқ этилмаса, ҳеч кимга керак эмас, тўғрими? Бироқ ўша бола яратувчи, унда иқтидор бор, агар биз бу қобилиятни тўғри йўналтирсак, мисол учун, «Сен шу нарсани яратибсан, баракалла, лекин мана бу йўналишда олиб борсанг, ҳаётга татбиқ қилинади, яхши сотасан, яъни тижоратлаштириш бўлади», деб тушунтирсак, шундагина биз ҳам у боладан ўринли фойдаланган бўламиз, ҳам иқтисодий самарадорликка эришамиз.

— Бу марафондан кейин ёш ихтирочиларимизни яна нималар кутмоқда?

— Икки ҳафталик марафон давомида ёшларимиз маркетингни, лойиҳа яратишни, таҳлил қилишни ўрганишади ва 6 та жуда мукаммал ҳамда замонавий лабораторияларимиздан фойдаланишади. Яна бунга параллел равишда лойиҳалар берамиз, улар устида ишлашади. Жараён якунига етгач эса уларга «Бизнес ангеллар» томонидан лойиҳа учун унча катта бўлмаган миқдорда маблағ ажратилади. Масалан, 50 нафар талаба танлаб олган бўлсак, уларни 5 нафардан бўлиб, 10 та жамоа тузамиз. Мутахассисларимиз ҳар бир жамоага бир йил давомида менторлик қилишади. Яъни лойиҳаларини тижоратлаштиришгача бўлган жараёнда ҳар доим йўл-йўриқ кўрсатиб, кўмаклашиб турилади.

— Бу лойиҳа ҳали бошланиши, тўғрими? Яқин келажакда олдинда яна қандай режалар бор?

— Тўғри, бу янги очилган вазирлигимизда энди йўлга қўйилаётган лойиҳа. Ва биз унинг давомий бўлишига ишонамиз, бунинг учун бор кучимизни ишга соламиз. Ҳозирча ҳам карантин сабаб, ҳам камчиликларимизни, ютуқларимизни ўрганиш учун 50 нафар боладан бошлаётган бўлсак, кейинчалик марафонимизда юзлаб, минглаб ёшлар иштирокини таъминламоқчимиз. Ҳали олдинда қиладиган ишлар, режалар кўп. Хуллас, мазкур лойиҳадан мақсадимиз жуда катта.

Шоҳида Исроилова суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг