Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АКТ вазири АҚШ IT-компанияларини Ўзбекистонда минтақавий офисларини очишга чақирди (фото)

АКТ вазири АҚШ IT-компанияларини Ўзбекистонда минтақавий офисларини очишга чақирди (фото)

Фото: Mitc.uz

Бугун, 9 июнь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм билан учрашди.

Элчи IT-паркнинг янги қурилаётган мажмуасида олиб борилаётган ишлар билан таништирилди.

2022 йил 14 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан бери Ўзбекистондаги хорижий давлатларнинг элчилари, етакчи мутахассислари, IT-компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилиб, ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиб келинмоқда.

Бугунги учрашувда дастлаб «Astrum» IT-академияси тақдимоти ўтказилди. Унда АКТ соҳасининг инфратузилмаси тубдан янгиланаётгани, дунёдаги йирик IT-компанияларни жалб этиб, IT-паркни яхлит комплекс тарзда ривожлантириш, IT вакиллари учун қулай муҳит яратиш мақсад қилинаётгани тушунтирилди.

Шундан сўнг АКТ вазири элчини IT-паркнинг янги қурилаётган мажмуаси билан таништирди.

Бу ерда ёшларни етакчи хорижий компанияларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш касбига, яъни аутсорсинг (BPO ва KPO) хизматларини кўрсатишга ўргатиш, хорижнинг етакчи IT-компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, мамлакатни минтақавий IT-марказга айлантириш мақсад қилингани айтиб ўтилди.

Шунингдек, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасида ахборот технолгиялари соҳаларида ҳамкорлик янги босқичга чиқаётгани, АҚШ етакчи компанияларини Ўзбекистонга жалб қилиш, шунингдек, масофавий хизматлар кўрсатиш аутсорсинг (BPO ва KPO) марказларини ташкил этишда асосий ҳамкор бўлаётгани таъкидланди.

Учрашувда Шерзод Шерматов Дэниел Розенблюмга АҚШ IT-компанияларининг Ўзбекистондаги минтақавий офисларини очишни таклиф этди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг