АКТ вазирлиги Ўзбекистоннинг хориждаги элчилари билан учрашув ўтказди
Бугун, 22 декабр куни Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркида (IT Park) Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги раҳбарияти Ўзбекистоннинг хориж давлатларидаги элчилари билан учрашув ўтказилди.
Таъкидланишича, учрашувдан мақсад халқаро майдонда Ўзбекистоннинг IT салоҳиятини кўрсатиш, эришилган ютуқлар ва бу ердаги имкониятлардан потенциал инвесторларни бохабар қилиш ва ҳамкорлик ўрнатишдан иборат.
Учрашувда Ўзбекистонни янги IT аутсорсинг хабига айлантиришда хорижий давлатлардаги элчиларимиз билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.
Тадбирда давомида элчилар IT Park фаолияти, бу ерда компаниялар ва хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар билан бевосита танишишди.
АКТ вазири Шерзод Шерматов масофавий хизматлар экспорти, жорий этилаётган янги ва сунъий интеллект технологиялари ва уларни янада ривожлантириш борасида маълумот берди.
Ўзбекистонда IT тадбиркорликни ривожлантириш учун барча шароитлар яратилган. Замонавий норматив-ҳуқуқий база барпо этилган, қатор солиқ ва божхона имтиёзлар тақдим этилган, республика бўйлаб замонавий инфратузилмага эга IT Parkлар ташкил этилмоқда. Юртимизда соҳани ривожлантириш учун малакали кадрларнинг етарли эканлиги ҳам муҳим афзалликлардан бири экани таъкидланди.
2022 йил охирига қадар IT хизматлар ва маҳсулотлар экспорти ҳажмини 100 млн долларга етказиш мақсад қилингани айтиб ўтилди. Солиштириш учун: 2019 йилда IT Park резидентлари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот ва хизматларнинг экспорти 6,2 млн, 2020 йилда 16,4 млн, 2021 йилда 46 млн долларни ташкил этди.
Жорий йилда резидент компаниялар сони 1073 тага ва хорижий компаниялар сони 157 тага етди.
АКТ вазири элчилар билан мамлакатимизда чет элдаги йирик компанияларнинг ваколатхоналарини очишда кўмаклашиш, глобал ахборот технологиялари бозорида юртимизни танитиш ҳамда халқаро IT хабга айлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Ўзбекистон IT бозорига хорижлик инвесторларни жалб қилиш, IT Park резидентларининг хориж компаниялари билан ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter