Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байрам арафасида. 11 ноябрь –  Касаба уюшмалари куни (фото, видео)

Байрам арафасида. 11 ноябрь –  Касаба уюшмалари куни (фото, видео)

Фото: «Xabar.uz»

2020 йилнинг 23 ноябрида Ўзбекистон Республикасининг «Ўзбекистон касаба уюшмалари кунини белгилаш тўғрисида»ги Қонуни қабул қилиниб, 11 ноябрь –  Касаба уюшмалари куни этиб белгиланди. Эртага касаба уюшмалари ходимлари учун тарихий кунга айланган сананинг бир йиллиги нишонланади.

Касаба уюшмалари куни арафасида Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши яхши бир тадбирга қўл урди. Касаба уюшмаси тизимида узоқ йиллар ишлаган ва айни пайтда шу жабҳада меҳнат қилаётганлар Тошкентдаги Алоқа тарихи музейига таклиф қилинди. Уларнинг меҳнатлари эътироф этилиб, Республика кенгашининг Ташаккурномаси, совғалари топширилди. Кўрик-танлов ғолиблари ҳам диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

– Ўтган йили 11 ноябрни Касаба уюшмалари куни этиб белгиланиши мамлакатимиз касаба уюшмалари ҳаётида энг муҳим воқеа бўлди, – дейди Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Асрор Ишанходжаев. – Мана бугунги тадбиримизда касаба уюшмаси аъзоларининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, уларнинг моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий манфаатларини ифода этишда ижтимоий шерикликнинг барча принципларига амал қилинишини таъминланишида фидокорона меҳнат қилаётган бир гуруҳ турли бўғиндаги касаба уюшмаси ташкилотлари ходимлари, меҳнат фахрийлари қўллаб-қувватланди, ҳудудларда ҳам бу ишлар давом эттирилмоқда. Эътиборлиси, «Касаба уюшмалари куни» муносабати билан иш берувчилар ва бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти маблағлари ҳисобидан вафот этган 10 нафар касаба уюшмалари раислари оилаларига моддий ёрдам кўрсатилди.

Маълумот ўрнида: Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши хизмати доирасида бошланғич ташкилотлар сони 230 тани ташкил қилади, уларда касаба уюшмаси аъзолари сони эса 65 минг нафардан иборат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг