Бола интернетга киради. Интернет боланинг дунёсига кирмасин...
«Ўзкомназорат» инспекцияси Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш ва онлайн платформаларда ноқонуний контент билан ишлаш бўлими бошлиғи Нигора Ходжаеванинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, бугун болани интернетдан узиб қўйиш деярли имконсиз. У ерда бола ўқийди, ўрганади, мулоқот қилади, янгилик қидиради, дўст орттиради. Бироқ, виртуал оламнинг эшиги очиқ бўлгани каби, унинг хавфлари ҳам эшик қоқмай киради. Энг ташвишлиси, бола нима фойдали-ю, нима зарарли эканини ажрата олмайди.
«Шу боис, болани интернетдан ҳимоя қилиш масаласи фақатгина ота-онанинг ёки мактабнинг эмас, давлат, ОАВ, ахборот тарқатувчилар, платформалар ва жамиятнинг ҳам биргаликдаги масъулиятидир. Бола интернетга киради, аммо, интернет боланинг дунёсига кирмасин. Бунинг учун барчамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», — дейди Нигора Ходжаева.

Нукус шаҳрида ўтказилган «Ахборот маконидан миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари» мавзусидаги ҳудудлараро ўқув-семинарда, айнан, шу масала ўртага ташланди. Унда маҳаллий ҳокимликлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари, ноширлик соҳаси ва тегишли ташкилотлардан 200 нафардан ортиқ вакиллар иштирок этди. Хоразм ва Бухоро вилоятлари мутахассислари эса мулоқотга онлайн тарзда уланди.
Семинарда келтирилган мониторинг натижалари масаланинг кўлами ҳақида жиддий ўйлашга ундайди. Билдирилишича, жорий йилнинг ўтган даврида болалар соғлиғига зарар етказиши мумкин бўлган ахборотлар билан боғлиқ 3 159 та ҳолат қайд этилган. «UZ» доменидаги 915 та сайтда 1 854 та қонунбузилиш аниқланган. Уларнинг асосий қисми қимор, ножўя материаллар, тамаки ва алкогол маҳсулотлари рекламаси билан боғлиқ. Бундан ташқари, интернет ресурслари, телерадиоканаллар ва босма нашрларда яна 1 400 та ҳолатда белгиланган қонунчилик талаблари бузилгани аниқланган. Бу рақамларни шунчаки статистика сифатида қабул қилиш қийин. Чунки ҳар бир рақам ортида муайян аудитория бор. Уларнинг ичида эса ҳали ҳаёт ҳақида тўлиқ тушунчага эга бўлмаган, кўрганини ҳақиқат деб қабул қилиши мумкин бўлган болалар ҳам бор.
Бу эса хавф энди фақат кўчада эмас, ичкарида эканини ҳам англатади. Аввал ота-она фарзанди ким билан дўстлашгани, қаерга боргани ва кўчада кимлар билан юрганига эътибор қиларди. Бугун эса яна бир савол пайдо бўлди: «Фарзандимиз интернетда ким билан «дўст»? Унинг телефони экрани ортида ким бор? У қандай контент кўряпти? Қандай видеоларни томоша қиляпти? Қайси каналларга обуна? Кимнинг фикрига эргашяпти? Ана шундай узлуксиз саволлар қийнамоқда ота-оналарни. Кибербуллинг, турли таваккалчиликларга асосланган ўйинлар, гиёҳвандлик ва беҳаёлик тарғиботи каби хавфлар бола учун виртуал муҳитни ҳам назоратсиз қолдириб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Аммо шу ўринда болани интернетдан бутунлай узиб қўйиш муаммо ечими эмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз. Асосий вазифа интернетни ёпиш эмас, болага ундан хавфсиз фойдаланишни ўргатишдан иборат бўлиши керак.

Бугун ахборот тарқатиш учун катта таҳририят ёки телестудия шарт эмас. Бир телефоннинг ўзи кичик медиамайдон сифатини ўтай олади. Шу боис контент яратувчи ўзининг бир видеоси, пости ёки бир рекламаси кимларга ва қандай аудиторияга етиб боришини ҳам ўйлаши керак. Ўқув-семинарда ахборот маҳсулотларини ёш тоифаларга кўра, тўғри таснифлаш, экспертизадан ўтказиш ва ОАВни рўйхатга олиш тартиблари юзасидан амалий тавсиялари берилди.
«Ахборот эркинлиги «Мен учун ҳамма нарса мумкин» деган тушунча эмас. Журналист ҳам, блогер ҳам, ношир ҳам, реклама тарқатувчи ҳам аудитория олдида бирдек масъул. Айниқса, болалар аудиторияси ҳақида гап кетганда, бу масъулият янада ортиши керак», — дея сўзида давом этди бўлим бошлиғи.
Ўқув-семинарда эътибор қаратилган муҳим жиҳатлардан бири муаммони фақат жазолаш орқали эмас, балки, унинг олдини олиш зарурлиги бўлди. Замонавий IT-ечимлар, рақамли мониторинг, хавфли контентни аниқлаш механизмлари, ахборот тарқатувчиларнинг ҳуқуқий саводхонлиги — буларнинг барчаси болалар хавфсизлигининг муҳим воситаларидир. Бироқ технологиянинг ўзи етарли эмас. Энг кучли «филтр» боланинг ўзида шаклланган танқидий қараш. У қайси ахборотга ишониш, нимани қабул қилмаслик, шубҳали ҳаволани очмаслик, нотаниш инсон билан мулоқотда эҳтиёт бўлиш кераклигини англаши лозим. Бу эса бир кунда шаклланмайди.

Нукусда бўлиб ўтган ҳудудлараро ўқув-семинар болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш фақат интернетдаги қонуний қонтентни аниқлашдан иборат эмаслигини яна бир бор намоён этди. Бу борада ОАВ ва давлат органлари ҳамкорлигини кучайтириш, ота-оналарнинг рақамли саводхонлиги асосий омил эканини кўрсатди.
Бир сўз билан айтганда, ҳар биримиз болани бу оламдан асрашимиз керак. Лекин бу уни интернет оламидан узиш ёки чеклаш билан эмас, виртуал оламни тўғри англайдиган, ахборотни саралай оладиган даражага етказиш орқали амалга ошади. Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш уларга тақиқдан кўра, тўғри тушуниш, ишонч ва медиасаводхонлик бериш асосий вазифамизга айланиши лозим.
Лайло Ҳайитова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter