«Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи бор муҳокамага қўйилди
Қайта ишланган ҳужжат лойиҳаси ҚҲТБТ порталига такроран жойлаштирилди. Таклифларни 2019 йилнинг 21 июлига қадар бериш мумкин, деб хабар бермоқда «Норма».
Эслатиб ўтамиз, бу амалдаги «Электрон тижорат тўғрисида »ги Қонун янги таҳрирдаги лойиҳасининг иккинчи муҳокамасидир. Дастлаб қонун лойиҳасининг таклиф этилаётган матни 2018 йилнинг охиридаёқ жойлаштирилган бўлиб, унинг мазмунини биз ўшандаёқ таҳлил қилган эдик. Бироқ у тасдиқланмади. Ҳозирги кунда эълон қилинган лойиҳа кўп жиҳатдан олдинги билан бир хил. Шу билан бирга алоҳида қоидаларга тузатишлар киритилган. Мана улардан баъзилари.
Биринчидан, тушунчалар қисми янада кенгайтирилган. Масалан, «электрон савдо майдончаси оператори» тушунчаси киритилган. Бу харидорни идентификациялаш, тўловни қабул қилиш, оммавий оферталар ва битимлар тўғрисидаги маълумотларни сақлашни ҳисобга олган ҳолда, электрон савдо майдончаси ёрдамида товарларни (ишларни, хизматларни) сотиш ва сотиб олиш имкониятини тақдим этиш бўйича электрон битим томонларига хизмат кўрсатувчи юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркордир (ЯТТ). Бошқа субъектлар қатори у ҳам бизнес-операторларга тегишли бўлади ҳамда киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, нафақат юридик шахслар, балки ЯТТ ҳам электрон савдо майдончаси оператори бўла олади. Лекин бизнес-операторлар учун солиқ имтиёзларига бўлган ҳуқуқ ҳақидаги олдин берилган таклиф чиқариб ташланди.
Иккинчидан, қонун қуйидагиларга татбиқ этилмаслиги аниқлаштирилди:
- товарларнинг (ишлар ва хизматлар) давлат харидларига;
- лицензияларга эга биржаларда тузиладиган битимларга;
- кўчмас мулкни сотиш, шунингдек, нотариал тасдиқланиши ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши зарур бўлган битимга.
Учинчидан, электрон тижорат соҳасидаги ваколатли органнинг вазифаларини Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигидан Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигига (ЛБМА) олиб бериб, унинг ваколатларини бир қадар кенгайтириш таклиф этилаётир. Хусусан, унга қуйида ҳуқуқлар ўтмоқда:
- электрон тижорат соҳасида давлат дастурларини амалга ошириш;
- мазкур жабҳани ривожлантиришни таъминлаш доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятини мувофиқлаштириш;
- электрон тижоратда сотишда муомаладан чиқарилган ёки муомаласи чекланган товарлар (ишлар, хизматлар) рўйхатини тасдиқлаш. Айни вақтда бу Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига киришини эслатиб ўтамиз.
Ҳокимиятларнинг ваколатларини эса, аксинча, қисқартиришмоқчи. Лойиҳанинг олдинги матнида уларга электрон тижорат соҳасидаги ҳудудий дастурларни тасдиқлаш ва амалга ошириш ҳуқуқи берилган эди, янги вариантда эса бу ЛБМА билан келишилгандан кейин мумкин бўлади. Тегишли ҳудудда давлат дастурларини амалга оширишда иштирок этиш функциясини эса тамоман олиб ташлашди.
Тўртинчидан, «электрон тижоратда харидорлар» тушунчасига тузатиш киритилди. Янги тузатишларга кўра, юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар, шунингдек, электрон тижорат орқали товарлар (ишлар, хизматлар) сотиб олаётган жисмоний шахслар харидорлар ҳисобланади. Харид айнан қайси мақсад ва эҳтиёжлар учун амалга оширилиши бўйича аниқлаштириш чиқариб ташланди.
Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter