Энг инновациялашган мамлакатлар аниқланди (рейтинг)
«Derwent» экспертлари «Top 100 Global Innovators 2020» рейтингини эълон қилишди.
Инновациялар тобора кўп кўп тарқалмоқда, мамлакатларни қамраб олмоқда, ҳамкорликни ривожлантиряпти. Битта патентга тўғри келувчи ихтирочилар сони эса ошмоқда.
Топ-100 ни тузиш учун экспертлар жаҳондаги 14 000 та компанияни ўрганишди. Тадқиқотда иш ҳажми, таъсири, муваффақият ва глобализация ками омиллар инобатга олинди.
Қайси мамлакатлар Топ-100 га кирди?
- Ирландия
Ирландия охирги йилларда жаҳондаги инновация етакчиларидан бирига айланди. Жуда кўплаб инновация компаниялари бўлса-да, мамлакатдаги битта компания Топ-100 га киритилди. Мамлакатда фармацевтика, ахборот технологиялари, тиббиёт ускуналари ишлаб чиқариш каби соҳалар ўта ривожланган.
- Финляндия
Финляндия иқтисодияти кейинги йилларда энг рақобатбардош иқтисодиётлар қаторига кирди. Суомида ҳам инновацияларни ривожлантираётган кўплаб компаниялар бор, шунга қарамай финларнинг ҳам битта компанияси «топ»да.
- Нидерландия
Нидерландия — иқтисодиётининг асосини саноат ва хизмат кўрсатиш ташкил этувчи юқори тараққий этган мамлакат. Илмий тадқиқотлар ҳам мамлакат иқтисодиётида муҳим ўринга эга. Топ-100 га иккита нидерланд компанияси кирди.
- Швейцария
Альп мамлакати иқтисодиётининг ўзагини фармацевтика, кимё саноати, фармакология ташкил этади. Швейцария компаниялари хориж сармоясини жалб этишда ҳам етакчилардан. Швейцариядан учта компания — Топ-100 да.
- Хитой
Жаҳондаги иккита йирик иқтисодиётнинг бири — Хитой. Айниқса, охирги ўн йилда мамлакат иқтисодиёти ўсиши мисли кўрилмаган даражага чиқди. Саноатнинг деярли барча турлари ривожланмоқда. Хитойликларнинг учта компанияси рейтингдан жой олди.
- Жанубий Корея
Корея Республикаси аҳоли жон бошига даромадлар юқори, иқтисодиёти юксак тараққий этган мамлакат. Мамлакат ривожланишида йирик корпорациялар муҳим роль ўйнаган. Корейсларнинг ҳам учта компанияси нуфузли рейтинга кирди.
- Германия
Германия — инновациялар соҳасида улкан салоҳиятга эга ва ютуқларга эришган мамлакат. Гарчи Топ-100 га атиги тўртта немис компанияси киритилган бўлса ҳам, аслида уларнинг сони мамлакатда жуда кўп.
- Франция
Франция — Германия билан бирга Европа иттифоқининг икки асосий устуни. Мамлакат технологиялар ва инновацияларни ривожлантиришга катта сармоя киритмоқда. Рейтингга беш француз компанияси киритилди.
- Япония
Япония — инновациялар соҳасида анча илгарилаб кетганини 32 та компанияси Топ-100 га кирганидан ҳам билса бўлади. Робототехника, ахборот технологиялари ва бошқа кўплаб соҳаларда японларга етадигани йўқ. Ҳеч муболағасиз «япон» сўзининг ўзи «инновациялар» синонимига айланди.
- АҚШ
АҚШ — ушбу рейтинг етакчиси, нақ 39 та компанияси Топ-100 га кирди. Мамлакат инновацион ишланмалар соҳасида жаҳон етакчиси, бунда Кремний водийсининг аҳамияти жуда катта.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter