Эртанги кунингизга бефарқ бўлманг
Жаҳон тажрибаси кўрсатиб турибдики, ривожланишнинг инновацион моделлари ва «ақлли» технологияларни кенг жорий этаётган мамлакатлар барқарор ўсиш ва кўрсаткичларга эга. Бу мамлакатлар номини бирма-бир санаб ўтмасак ҳам, уларни яхши биласиз.
Келажак вазирликлари
Бундай мамлакатларнинг барқарор тараққиёти табиий ресурсларни экспорт қилиш ёки жисмоний меҳнатдан фойдаланишга эмас, балки инновацион ғоялар, технологиялар ва ишланмаларга асосланади.
Президентимиз таъкидлаганидек, бу мамлакатларда инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни жорий этиш бўйича давлат стратегиясининг ижроси шартли равишда «келажак вазирликлари» деб номланувчи махсус идоралар томонидан амалга оширилади. Бу идораларнинг асосий вазифаси инновация ва фан ютуқларини барча тармоқларда кенг жорий этиш ҳисобига мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва жаҳон бозорларидаги рақобатбардошлигини таъминлаш ҳамда иқтисодиётда интеллектуал улушнинг кўпайиши ҳисобланади.
Инновацион ва интеллектуал ҳисса
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли фаровонлигини тубдан ошириш ва турмуш сифатини яхшилаш, жамият ва давлатни ҳар томонлама ҳамда жадал ривожлантириш, мамлакатни модернизация қилиш ва ҳаётнинг барча соҳаларини либераллаштириш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.
Яъни, Ўзбекистон ҳам ишлаб чиқаришда инновацион ва интеллектуал ҳиссанинг юқори улуши бўлган барқарор бозор иқтисодиётига, замонавий ва глобал бозорда рақобатбардош саноатга, шунингдек, қулай инвестициявий ва ишчанлик муҳитига эга жадал ривожланаётган мамлакатга айланиши лозим.
Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги модели
Бу мақсадларга Ўзбекистонни ривожланишнинг инновацион моделига тўлиқ ўтказмасдан эришиш мумкин эмас. Мамлакат бой интеллектуал ва инфратузилмавий салоҳиятга эга бўлишига қарамай, инновацияларни жорий этиш ишлари тизимли асосда йўлга қўйилмагани кутилган натижаларга эришишга тўсқинлик қилмоқда.
Мавжуд муаммоларни ҳал қилиш, шунингдек, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялар, илмий ютуқларни жорий этишни рағбатлантиришнинг институционал ва ташкилий-ҳуқуқий асосларини тубдан такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиш тўғрисида»ги Фармони қабул қилинган эди.
Фармон билан стратегик режалаштириш тизимини яратиш, давлат бошқарувининг инновацион шаклларини амалга киритиш, фан ва инновация фаолиятини ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини шакллантириш, инвестицияларни кенг жалб қилиш, ҳуқуқий базани такомиллаштириш, илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётнинг долзарб соҳаларига илғор технологияларни фаол жорий этиш каби мамлакат инновацион ривожланишининг асосий йўналишлари белгиланди.
Ҳуқуқий асос
Фармонда инновацияларни жорий этишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, «Инновацион фаолият тўғрисида»ги ва «Фан тўғрисида»ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган эди.
Ушбу қонун лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилди ва жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Инновацион фаолият
«Инновацион фаолият тўғрисида»ги қонун лойиҳасида инновацион фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари; инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш; халқаро ҳамкорлик, инновацияларни амалиётга жорий этиш ва бошқа муҳим қоидалар назарда тутилган.
Қонун лойиҳасида инновациялар соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича органлар ҳамда уларнинг ваколатлари, илмий ва инновациявий фаолият субъектлари ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари баён этилмоқда. Лойиҳанинг алоҳида боби инновациялар ва инновацион фаолиятнинг молиялаштирилиши жараёнига бағишланган ҳамда мамлакатимиз иқтисодиётида янги жараён ҳисобланган венчур жамғармалар ҳақидаги тушунча ва жараёнлар баён қилинган.
Янги қонуннинг қабул қилиниши инновациялар ва инновациявий фаолият соҳасида ҳуқуқий майдонни шакллантириш имконини беради.
Қонун лойиҳаси 8 боб, 57 моддадан иборат. Қонун лойиҳаси муҳокамасида барча фаол иштирок этиши ва унинг пухта ишлаб чиқилишига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси сайтига жойлаштирилган.
Фан
«Фан тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасида эса илмий фаолиятни давлат томонидан тартибга солиш принциплари ва қўллаб-қувватлаш шакллари, илмий ғоялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасаларининг вазифалари ва функциялари, уларни самарали бошқариш, молиялаштириш, моддий-техника таъминоти ва имтиёзлар, халқаро ҳамкорлик ва чет эл инвестицияларини жалб этиш, илмий кадрларга қўйилган замонавий талаблар, уларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимояси, фан, таълим ва амалиёт уйғунлигини таъминлашга оид қоидалар назарда тутилган.
Қонун лойиҳаси 8 боб, 40 моддадан иборат. Ушбу лойиҳа ҳам кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилган бўлиб, ҳар бир модда ҳамда уларнинг моҳияти таҳлил қилинмоқда. Ушбу ҳавола орқали сиз ҳам муҳокамаларга қўшилишингиз мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев инновацион ғоялар ва технологиялар билан шуғулланувчи идораларга «келажак вазирликлари» иборасини қўллаши бежиз эмас. Мамлакат келажаги, халқимиз келажаги айнан шу тизимларнинг тараққиётига бевосита алоқадор. Демак, эртанги кунимиз «келажак вазирликлари» фаолиятини ҳуқуқий асослаб берадиган «Инновацион фаолият тўғрисида»ги ва «Фан тўғрисида»ги қонунларга ҳам чамбарчас боғлиқ. Қонун лойиҳаларини такомиллаштиришда қатнашинг, таклиф ва мулоҳазаларингизни билдиринг, танишларингизни ҳам бу муҳокамаларга таклиф этинг, эртанги кунингизга бефарқ бўлманг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter