Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда янги технология қўлланилади

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олишда янги технология қўлланилади

Фото: ФВВ

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Фуқаро муҳофазаси институти негизида 3D моделига асосланган қутқарувчиларни ўқитиш ва тайёргарлашнинг махсус тизими ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда ФВВ ахборот хизмати хабар берди.

Замонавий ахборот технологияларидан, яъни виртуал кўринишлардан фойдаланган ҳолда ўқитиш усули истиқболли усуллардан бири ҳисобланади. Виртуал кўриниш компьютер ёрдамида моделлаштирилади ва унда барча объектлар уч ўлчамли ҳолда намойиш этилади.

Бу тизимнинг ўзига хослиги шундаки, бунда тасвир реал вақтда ўзгариш хусусиятига эга бўлишидан ташқари, ушбу воқеа-ҳодисалар ичида юргандек туйғу ҳосил қилади.

Бу тизим таъсирни ҳам, таъсирга бўлган реакцияни ҳам ифодалаб бера олади. Шунинг учун ўқитиш жараёнида виртуал кўриниш бир вақтнинг ўзида ўқитиш усули, воситаси ва технологияси вазифасини бажариб бериши мумкин.

Фото: ФВВ

Унда одамларнинг, бино ва жисмларнинг, жойлар, ўсимликлар, дарахтлар ва ҳудуднинг моделини ифодалаш мумкин. Бундан ташқари, объектларнинг алоҳида моделларини яратиб, уларни янги компонентлар қўшиш ёрдамида кенгайтириш имконияти моделни чекланмаган миқдорда такомиллаштириш ва мураккаблаштириш имконини беради.

— Дастурни кенгайтириш ва ўзгартириш имкони мавжуд. Унга ҳар хил турдаги фавқулодда вазиятлар моделларини киритиш мумкин. Бундан ташқари, бу дастурдан кейинчалик бошқа вазирлик ва идоралар ҳам қутқариш бўйича кўникмаларини ривожлантиришда фойдаланишлари мумкин. Қутқарувчиларни тайёрлашда ушбу технологиядан фойдаланилганда уларнинг ўзлаштирилаётган материалга бўлган эътиборлари ошади, ўқув материаллари тез ўзлаштирилади, кўникмалари ортади. Виртуал кўриниш ўқитишга кетадиган сарф-харажатларни камайтиришга, юқори малакали мутахассисларни тез ва сифатли тайёрлашга ёрдам беради. Виртуал кўриниш технологияси фавқулодда вазият моделини яратиш ва бу орқали машғулотлар жараёнида атроф муҳитда юзага келадиган хавфли омиллар таъсиридан зарарланишларнинг олдини олади. Фуқаро муҳофазаси институтида виртуал кўриниш технологиясини жорий этиш орқали кўплаб фанларнинг ўзлаштирилишини оптималлаштириш, ушбу технология ёрдамида фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда бошқа вазирликлар қутқарувчиларининг касбга мослашувини тезлаштириш билан боғлиқ муаммони ҳам эчиш мумкин, — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари К.Арипов.

Виртуал кўриниш тизими орқали қутқарувчилар учун ҳар хил фавқулодда вазиятлар моделларини яратиш ва бунда қутқарувчилар ўзлари қарор қабул қилиш имконияти яратилади.

Тизим 3D муҳитига тушиш, хавфсиз жойда ўтирган ҳолда ушбу муҳитда ҳаракатларни амалга ошириш, атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан ҳамоҳанг ҳаракат қилиш, қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Тизим орқали тасвир, атрофда бўлаётган портлашлар товушлари максимал даражада реалликка яқинлаштирилади.

Фото: ФВВ

Дастурнинг ўзига хослиги шундаки, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар реалликка ўта яқинлаштирилган ҳолда берилади.

Қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга тайёрлашда ушбу технологиядан фойдаланишнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, ушбу технологияда ҳар хил фавқулодда вазиятларни моделлаштириш ва бундай шароитда дарҳол қарор қабул қилиш имконияти мавжуд.

Ўқитишнинг бундай усули қутқарувчиларни фавқулодда вазиятларга руҳан тайёрлаш ва натижада қутқарув ишлари жараёнида тасодифий ҳалокатларга учраш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг