Коинот тадқиқотлари Ерда нималарни ўзгартиради?
Космосни тадқиқ қилиш ҳақида гап кетганда, одатда ракеталар, сунъий йўлдошлар, Ой ва Марсга парвозлар кўз олдимизга келади. Аммо космик пойга фақат Ердан миллионлаб километр узоқликдаги жараён эмас. Унинг таъсири иқтисодиёт, технология, экология ва ҳатто одамларнинг кундалик ҳаётида ҳам сезилмоқда.
АҚШнинг SAPIENS илмий-оммабоп нашрида эълон қилинган «Космик тадқиқотлар Ерда нималарни ўзгартиради?» мақоласида ҳам космик тадқиқотларнинг ана шу жиҳатига эътибор қаратилган. Антропологлар иштирокидаги ARIES тадқиқот лойиҳаси доирасида турли мамлакатларда одамлар космосни қандай қабул қилаётгани ва космик дастурлар уларнинг ҳаётига қандай таъсир кўрсатаётгани ўрганилган.
Космос катта иқтисодиётга айланмоқда
Космик тадқиқотлар энди фақат давлатларнинг илмий дастурлари билан чекланмайди. Хусусий компаниялар ҳам ракета ва сунъий йўлдошлар яратиш, уларни орбитага чиқариш, космик хизматлар кўрсатиш ва бошқа йўналишларда фаол иштирок этмоқда.
Бу жараён космик иқтисодиётнинг жадал ўсишига олиб келмоқда.
Space Foundation маълумотларига кўра, глобал космик иқтисодиёт 2022 йилда 8 фоиз ўсиб, 546 миллиард долларга етгани келтирилади. Ҳисоботда кейинги беш йил давомида бу кўрсаткич яна 41 фоизга ўсиши прогноз қилинган.
Космик иқтисодиётнинг кенгайиши янги технологиялар, инвестициялар ва иш ўринлари пайдо бўлишига туртки бермоқда. Давлатлар ҳам ўз космик дастурларини ривожлантиришга ҳаракат қилмоқда.
Бироқ бу имкониятлар барча мамлакатлар учун бир хил эмас.
Космосда ҳам тенгсизлик бор
Космик технологиялар қиммат ва мураккаб инфратузилмани талаб қилади. Шунинг учун космик тадқиқотларда асосан иқтисодий ва технологик имкониятлари юқори давлатлар етакчилик қилмоқда.
Шу билан бирга, кичик давлатлар ҳам бу соҳада ўз имкониятларини изламоқда.
Масалан Маврикий давлати ўзининг биринчи сунъий йўлдошини яратиб, космик фаолиятга қадам қўйган. Бу мамлакат учун илмий ва технологик жиҳатдан муҳим воқеа бўлса-да, у глобал космик иқтисодиётдаги имкониятлар тенг тақсимланмаганини ҳам кўрсатади.
Чунки космосга чиқиш имкониятига эга бўлиш учун фақат хоҳишнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун молиявий ресурслар, илмий мактаб, мутахассислар ва технологик база керак.
Шу маънода космик пойга Ердаги иқтисодий тафовутларни ҳам намоён қилади.
Ракета учириладиган ҳудудлар ва аҳоли
Ракета учириш майдони харитада оддий бир нуқта бўлиб кўриниши мумкин. Аммо унинг атрофида одамлар яшайди, табиий ҳудудлар мавжуд, маҳаллий жамоаларнинг ўз тарихи ва маданияти бор.
SAPIENS нашрида Француз Гвианасидаги космик учиришлар мисолида космос тадқиқотларига муносабат маҳаллий аҳоли ва космос ишқибозлари ўртасида турлича бўлиши мумкинлиги таҳлил қилинган. Муаллиф космик дастурлар амалга оширилаётган ҳудудларда яшовчи аҳолининг нуқтаи назарини ҳам ўрганган.
Жанубий Техасда эса SpaceX компаниясининг Starship ракетаси учирилиши турли муносабатларга сабаб бўлган. Айримлар буни космик технологияларнинг янги босқичи сифатида қабул қилган бўлса, бошқалар учиришларнинг маҳаллий жамоа ва атроф-муҳитга таъсири ҳақида хавотир билдирган.
Бу ҳолатлар космик дастурларни режалаштиришда маҳаллий аҳоли билан мулоқот қанчалик муҳим эканини кўрсатади.
Космик технологиялар Ерни кузатишга хизмат қилмоқда
Космосга сармоя киритишнинг натижаси фақат Ой ёки Марсни тадқиқ қилишда намоён бўлмайди.
Ер атрофидаги сунъий йўлдошлар орқали сайёрамизнинг ўзи ҳақида улкан ҳажмда маълумот олиш мумкин. Улар об-ҳаво ва иқлим жараёнларини кузатиш, табиий офатларни мониторинг қилиш, ер ва сув ресурсларидан фойдаланишни назорат қилиш каби йўналишларда қўлланилади.
Шу сабабли космик тадқиқотларнинг Ер учун аҳамиятини баҳолашда фақат «биз космосда нимани топамиз?» деган савол билан чекланиб қолмаслик керак, «космосдан туриб Ер ҳақида нимани билиб олмоқдамиз?» деган савол ҳам шунчалик муҳим.
Космосга бўлган муносабат нега турлича?
Космик тадқиқотларга жамоатчилик муносабати ҳам бир хил эмас. Ракета учирилиши кимдадир ҳаяжон ва ғурур уйғотса, бошқа одам бундай лойиҳаларга шубҳа билан қараши мумкин. Айримлар космик дастурларга сарфланаётган маблағларни Ердаги ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга йўналтириш керак, деб ҳисоблайди.
Яна бир гуруҳ эса космик тадқиқотларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, уларнинг қандай амалга оширилаётгани ҳақида савол қўяди.
Аслида бу муносабатларни фақат «космос тарафдорлари» ва «космосга қарши бўлганлар»га ажратиш тўғри эмас. Масалан, одам космик фан ва технологияларни қўллаб-қувватлаши, бир вақтнинг ўзида ўз ҳудудига таъсир кўрсатадиган қарорларда маҳаллий аҳоли манфаатлари ҳисобга олинишини талаб қилиши мумкин.
Бу эса космик тадқиқотларни нафақат илмий, балки ижтимоий масала сифатида ҳам кўриш зарурлигини англатади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter