Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Математикадан IT таълимга ёки 8 рақами чекига тушган омадли талаба! (видео)

 Диёра Дададжанова

17 ёш.

IT-Park University таълим гранти соҳибаси (ҳозирда 1-босқич талабаси).

Келажак мақсади – математикани IT соҳасида қўллаш!

Саккиз рақамини чексизлик рамзи дейишади. Худдики, бу рақамда илм истаган киши образи ҳам яширин, яъни, илм бу – чексизлик!

Қаҳрамонимиз ҳам мактабни тамомлаб, университет танлови борасида биргина олий ўқув юрти танлови билан чекланмади. Ўз имкониятларига чегара қўймади!

У математикани жуда  яхши кўради. Рақамлар эса, унинг учун бир вақтнинг ўзида шунчаки нисбий натижа сурати ва шу билан биргаликда чексизлик ҳамдир! Муҳими, у рақамлар билан қачон ва қандай муносабат қилишни билади. Унинг бугунга қадар эришган муваффақиятлари сири ҳам шундадир, балки...

Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан Epam Systems халқаро IT компанияси билан ҳамкорликда янги ташкил этилган  IT-Park University  эълон қилган таълим гранти ғолиблари рўйхатининг 8-рақами остида қаҳрамонимиз – Диёра Дададжанова бор эди. У грант эгалари ичида ягона қиз бола ғолиб эканлиги билан ҳам яққол эътиборимизни тортди. Қуйида унинг ҳикоясига қулоқ тутамиз:

– IT-Park Universityда ўқиш учун таълим гранти ютиб олган 10 нафар ғолиб номзодлар рўйхатида ўз исм-фамилиямни кўриш – бу мен узоқ кутган натижам эди! Бироқ, бу натижагача эса менинг ўз ҳикоям бор. Балки, бу сизга руҳланиш кайфиятини берар, мақсадларингиздан воз кечмасликни ўргатар! Мен шунга умид қиламан! 

Аввалига, IT-Park Universityга шартнома асосида қабул қилинган эдим. Кейин эса Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан университет томонидан  эълон қилинган таълим гранти танловида қатанашиб, ғолиб бўлдим. Унга кўра, грант эгаларининг 2022-2023 ўқув йили учун таълим харажатлари АКТ вазирлиги томонидан тўлиқ қопланади.

Аслида, болалигимдан то ҳозиргача амалий математикага қизиқаман. IT-Park Universityдан аввал мўлжалим ва танловим М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент шаҳридаги филиалининг «Амалий математика ва информатика» бўлимига ўқишга кириш эди. Бироқ, шартнома асосида ўқишга қабул қилиндим, мақсадим – грант эди! Ўйлаб қарасам, вариантлар орасида янги ташкил этилган IT-Park University энг мақбули бўлиб чиқди. У ерда бакалавр босқичини тўлиқ қопловчи грантлар бўлмаса ҳам, янги университет эканлиги мени қизиқтирди. Иккинчи босқичдан бошлаб EPAM School of Digital Engineering (EPAM рақамли муҳандислик мактаби) бўлимидан Big Data мутахассислигида таълимни давом эттиришни режалаштиряпман. Биламан, бунга эришиш мендан кўп меҳнат ва биринчи босқич якуний имтиҳонларини аълога, муваффақиятли топширишни талаб этади.

Мактаб давридан бошлаб менда ўқишга қизиқиш кучли бўлган. Оиламдагилар  ҳеч  қачон уй вазифаларни қилгин, деб мажбурлашмаган ва назорат ҳам қилишмаган. Аксинча, ўзимда табиатан ички интизомим бўлган. Шунингдек, уй муҳитидаги тартиб-интизом яъни, акам ва опамни ўқишга бўлган муносабатлари мен учун  намуна эди. Мактабда энг қизиққан фанларим қаторида математикадан ташқари, кимё, биология, физика ва тарих сабоқларини ҳам ўрганишга иштиёқим кучли бўлган. Чизмачилик фани бўйича  ўзлаштириш кўрсаткичим юқори эди. Шу сабабли, оила аъзоларим келажакда айни шу йўналишдан боришимни жуда исташган. Айниқса, қизлар учун дизайнерлик энг зўр касб, дея кўп бора айтишарди. Лекин, охиригача ўзим танлаган йўлдан қайтмадим. Келажак мақсадим ва танлаган касбим  билан боғлиқ  йўналишга оид фан бу – амалий математика эди! Афсуски, бу йўналиш бўйича таълим Ўзбекистонда фақат иккита университетда бўлиб, булар, М.В.Ломоносов номидаги Москва давлат университети Тошкент шаҳридаги филиали ва Ўзбекистон миллий университетларидир. Иккисига ҳам фақат грантга ҳаракат қилгандим. Бироқ, натижалар кутганимдан ҳам ёмон эди.

IT-Park Universityда ҳужжат қабули бошланишидан аввалроқ шу икки университетга ўқишга топширига улгургандим. Тушкунликка тушганимдан сўнг, йўналишим бўйича имтиҳон билан қабул қиладиган барча халқаро университетларни ҳам изладим. Билим даражамни фақат ўзим билар эдим, юқоридаги натижаларга эса шунчаки рақамлар деб қарадим. Ахир, ўша пайтда бу рақамлар мени олдимга қўйган мақсадимдан чалғитмаслиги муҳим эди. Бу орада Берлиндаги Халқаро амалий фанлар университетига эътиборимни қаратдим. Имтиҳон топшириб, бир неча кундан сўнг, жавоб хати олдим.

Унда шундай ёзилганди: «Сиз университетга шартнома асосида муваффақиятли қабул қилиндингиз!». Орадан икки ҳафта ўтиб, Берлиндаги стипендия компаниясига топширган барча ҳужжатларимни кўрган ҳолда, масъуллар тўрт йиллик бакалавр босқичи  таълим тўловини қоплашга тайёр эканликларини маълум қилишди. Қолаверса, уларнинг айтишича, менда стипендия олиб, ўқиш  имконяти ҳам бор эди. Албатта, бу мен учун катта ютуқ эди! Асосийси, имтиҳондан муваффақиятли ўтдим ва ўзим танлаган йўналиш бўйича имкониятдан фойдалана олдим, шунингдек, билимимни ҳам яна бир бор синовдан ўтказдим. Берлиндаги мазкур нуфузли университетнинг билим тажрибасига шубҳам йўқ. Чунки, бу университет амалий математика бўйича дунёнинг етакчи олий таълим даргоҳлари қаторида туради. Шундай бўлса-да, мен бу университетда ўқишни танламадим. Сабаби, чет давлатда ўқишни умуман ўйлаб кўрмагандим. Бу ҳаракатим шунчаки, ўз билимимни қайта текшириб кўришга бўлган уриниш эди, холос. Барча яқинларим бу вазиятга умуман изоҳ беришмади, аксинча ҳаракатимни  қўллаб-қувватлашди. Бу орада IT-Park University таълим гранти учун танлов эълон қилди. Гарчи мен университетга шартнома асосида қабул қилинган бўлсам-да, яна омадим ва билимимни синаб кўргим келди. Мақсадим – амалий математика негизларини чуқур ўрганиб, кейин уни ITда қўллаш бўлганлиги сабабли, IT-Park Universityда ўқишни танладим.

Сизда «ITни қайси йўналишини танладингиз?» мазмунида савол бўлиши мумкин. Мен танлаган йўналиш бу – Intelligent Systems Devoloper (интеллектуал тизимлар ишлаб чиқарувчиси), яъни, ахборот технологиялари соҳасидаги фан, сунъий интеллект тизимларини ишлаб чиқиш ва уларни маълум соҳаларга жорий этиш билан шуғулланиш. Бу эса Big Data (катта ҳажмдаги маълумотларнинг ихтисослашуви)га асосланган билим, кўникмаларни ўз ичига олади.

Маълумки, IT-Park University – гибрид форматда фаолият юритувчи IT-таълимга ихтисослашган Ўзбекистондаги биринчи онлайн университетдир. Шунга кўра, талабалар учун ўқув дастури юкламлари ҳам кўп. Биз онлайн ўқув тизимида вақтдан ютиб, соҳа бўйича кўпроқ изланамиз. Ҳафтада бир маротаба курсдош дўстлар билан юзма-юз кўришиб, мулоқот алмашамиз.

Ҳикоям якунида барчани қизиқтирган бир саволга оддийгина жавоб бераман. IT-Park University таълим гранти танлови имтиҳонида «Нима учун грант соҳиби бўлишни истайсиз?» саволига жавобан иншо ёзгандик. Менинг жавобим мазмуни қуйидагича эди: «Менда грант имтиёзи олишга умид йўқ. Чунки, умид фақатгина, ўз кучингиз ва билимингизга нисбатан бўлиши керак. Ишонаманки, ўқиш давомида кўрсатган натижаларим асосида университет томонидан бериладиган келгуси имтиёзлардан фойдалана оламан, деб ўйлайман».

Англагандирсиз, менинг мақсадим чўққиси бу грант ғолиблиги эмасди! Чунки, мен аллақачон мақсад маррасини юқори олгандим. Бу – изланишдан тўхтамаслик ва орзулардан воз кечмасликдир!

Лобар Қобилова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг