Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Mobiuz умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ ҳужжатларни имзолади

Mobiuz умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ ҳужжатларни имзолади

Ўзбекистон Президентининг Хитойга давлат ташрифи доирасида Mobiuz ва Хитой компаниялари ўртасида янги ҳужжатлар имзоланди.

2023 йил 18-19 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи бўлиб ўтмоқда. Тадбирлар дастурига мувофиқ икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида Ўзбекистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Форумда Ўзбекистоннинг Mobiuz мобил оператори Хитойнинг етакчи Huawei ва ZTE компаниялари билан умумий қиймати 100 миллион доллардан ортиқ бўлган янги ҳужжатлар тўпламини имзолади.

Mobiuz ва Huawei ўртасидаги умумий қиймати 80 миллион долларлик ҳамкорлик шартномаси 2024-2028 йилларда Mobiuz телекоммуникация тармоғини ривожлантиришга қаратилган.

Унга кўра, 5G/4G тармоқлари ва тегишли хизматларни (VoLTE, булутли технологиялар ва бошқалар) ривожлантириш кўзда тутилган. Янги турдаги таянч станцияларини аҳоли зич жойлашган ҳудудларда жойлаштириш, тармоқлар сифатини оптималлаштириш ва бошқариш учун рақамли платформаларни жорий этиш режалаштирилган. Шартномада бошқа йўналишларда ҳам иш олиб борилиши кўзда тутилган.

Mobiuz ва Huawei ўртасидаги 4,5 миллион евродан ортиқ битим Фарғона водийсида 4G LTEни мақсадли ривожлантиришни кўзда тутади. Хитой компанияси Mobiuzнинг янги технологик лойиҳаси учун зарур ускуналар ва дастурий таъминотни етказиб беради. Уни шу йилдан бошлаб жорий этиш режалаштирилган.

Mobiuz ва ZTE ўртасидаги 20 миллион долларлик ҳамкорлик шартномаси келгуси беш йил давомида операторнинг телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантиришни назарда тутади.

Ҳужжатда турли стандартлардаги таянч станцияларини етказиб бериш, транспорт тармоғи ва радиореле ускуналарини ривожлантириш, булутли ечимларни жорий этиш бўйича ҳамкорлик кўзда тутилган.

Айни пайтда Mobiuz умумий қиймати 150 миллион АҚШ доллари бўлган яна бир инвестиция лойиҳасининг якуний босқичини амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Лойиҳа 2021 йилда хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда муваффақиятли бошланган. Унинг доирасида жорий йилнинг март ойида Mobiuz ва Huawei 23 миллион АҚШ доллари миқдорида ускуналар етказиб беришга келишиб олганди.

Уяли алоқани ривожлантиришга йўналтирилаётган йирик сармоялар Mobiuzга стратегик ривожланиш мақсадларини жадаллаштириш имконини беради. Масалан, 2022 йилда Mobiuzнинг 4G LTE тармоғи қамрови Ўзбекистон аҳоли пунктларининг 90 фоизига етди, компания абонентларининг йил давомида интернетдан фойдаланиш кўрсаткичи 66 фоизга ошган. Шу билан бирга, операторнинг абонент базаси ҳам кенгайди – айни пайтда Mobiuz хизматларидан 7,1 миллиондан ортиқ абонент фойдаланмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг