Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Наманганда дастурчилик оламига саёҳат ёки катта марралар орзуси (видео)

Наманганда дастурчилик оламига саёҳат ёки катта марралар орзуси (видео)

Фото: «Xabar.uz»

Аввал хабар қилганимиздек, 1 декабрдан мамлакатимиз бўйлаб информатика фани ўқитувчиларининг С++ дастурлаш тили бўйича малакасини ошириш дарслари ташкил этилган. «Xabar.uz» малака ошириш курсларини кузатиш мақсадида навбатдаги манзил — Наманган вилоятида бўлди.

Мухбирларимиз вилоятнинг Наманган шаҳри, Косонсой, Чортоқ ҳамда Норин туманларидаги дарс жараёнлари билан танишди.

«С++ бошқа дастурлаш тилларига қараганда тайёр функциялар ёки операторларни ишлатмасдан  алгоритмни  тўлақонли ишлатиб кўриш имконини беради. Дастурлаш тили бўйича қўшимча дарслар орқали устозлар малакасини ошириш долзарб масала ҳисобланади. Сабаби, улар ўтаётган дарслари орқали келажакда жаҳон олимпиадалари қатнашчиларини етиштирадилар. Ўйлайманки, келажакда Намангандан ҳам Халқаро Информатика олимпиадалари ғолиблари чиқади. Вилоятимизда бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган курсларда BePro IT Academy томонидан тақдим этилган 13 нафар тренерлар дарс бериб келмоқда», — дея таъкидлайди IT School  Косонсой филиалида ўқитувчиларга тренерлик қилаётган Ҳасанов Саиджалол.

Бундан ташқари параллел равишда информатика ўқитувчилари Scrach дастурлаш тили бўйича ўқитиб келинмоқда. Улар олдига асосан тарбиявий ўйинлар яратиш, шу орқали ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини оширишни мақсад қилиб қўйилган.

Scrach - бу асосан кодни ўрганишда ёрдам берадиган 8-16 ёшдаги болаларга мўлжалланган блокли визуал дастурлаш тили. Хизмат MIT Media Lab томонидан ишлаб чиқилган, 70 дан ортиқ тилларга таржима қилинган ва дунёнинг аксарият қисмларида қўлланилади. Scrach мактабдан кейинги марказларда, мактабларда ва коллежларда ўқитилади ва қўлланилади. 

Scrach қизиқарли ва дастурлашни  ўрганиш осон бўлиши учун яратилган. Унда блокларга асосланган дастурлаш ёрдамида интерактив ҳикоялар, ўйинлар, бадиий, симуляция ва бошқаларни яратиш учун воситалар мавжуд. Scrachда ўзининг бўёқ муҳаррири ва овоз муҳаррири ўрнатилган.

«Наманган вилояти бўйича 195 нафар ўқитувчини С++, яна 195 нафарини Scrach тилидан ўқитяпмиз.  13 нафар С++ тренерларини BePro IT Acadeemy берган. Scrach бўйича ўқитувчиларимиз Халқ таълими вазирлиги томонидан ўқитилиб, сертификатлар топширилган. Вилоятда информатикага иҳтисослаштирилган мактабларимиз кўп, жорий йил якунига қадар яна 6 та худди шундай мактабни ишга туширамиз. Ўқувчиларимиз ҳам  IT бўйича анча илғор. Чортоқ туманимиздаги  ўқувчилар ўзлари яратган ақлли шаҳар дастури орқали республика танловида қатнашиб совринли ўрин олишди. Қолаверса, ушбу мактабда улар амалий равишда кичик роботлар ҳам ясашган», —дейди биз билан суҳбатда Наманган вилояти АКТ бўлими бошлиғи Аббосхон Усмонов.

C++ 1980 йиллар бошида Bjarne Stroustrup томонидан C тилига асосланган тарзда тузилди. C++ жуда кўп қўшимчаларни ўз ичига олган, лекин энг асосийси у объектлар билан дастурлашга имкон беради.

C++ дастурлаш тиллари жуда такомиллашиб, тобора оммалашиб бормоқда. Мазкур тиллардаги воситалар замонавий компютер технологиясининг ҳамма талабларини ўз ичига олган ва унда дастур тузувчи учун кўпгина қулайликлар яратилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг