Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Навоийдаги мактабга Президент совғаси — «Спарк» топширилди

Навоийдаги мактабга Президент совғаси — «Спарк» топширилди

Фото: «Xabar.uz»

Куни кеча «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида битирувчилар салмоғи юқори кўрсаткичларни кўрсатган Қорақалпоғистон Республикаси Қўнғирот туманидаги 39-умумтаълим мактаби давлат раҳбари совғаси, яъни «Спарк» автомобили топширилгани ҳақида хабар бергандик. Худди шундай совға Навоий вилояти, Кармана туманидаги 2-мактабга насиб этди.

Эътиборлиси, Кармана туманидаги 2-сон умумтаълим мактабида таҳсил олаётган 1 319 нафар ўқувчининг 1 063 нафари (80 фоиз) «Бир миллион дастурчи» лойиҳасини муваффақиятли битирган.

8 апрел куни ушбу мактабда ташкил этилган маросимда АКТ вазири Шуҳрат Содиқов, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Карамана тумани ҳокими Фахриддин Умаровлар иштирок этишди.

— Бу мактаб хусусий ёки бирон фанга ихтисослаган таълим даргоҳи эмас, — деди Шуҳрат Содиқов. — Оддий умумтаълим мактаби, аммо республикада «Бир миллион дастурчи» лойиҳасида ғолиб деб топилиб, Давлатимиз раҳбарининг махсус совғасига сазовор бўлди. Албатта, бундан кейин ҳам вазирлигимиз ушбу мактабни ахборот технологиялари йўналишида доим қўллаб-қувватлайди.

Тадбирда мактаб жамоасига Президент совғаси — «Спарк» автомашинаси топширилди. Президент совғасидан руҳланган Навоий вилояти ҳокимлиги мактабга замонавий 15 та компютер жамланмаси совға қилди ва яна бир информатика синфини ташкил этиб берадиган бўлди.

Тақдирлаш маросимидан сўнг меҳмонлар мактабнинг информатика хонасини кўздан кечиришди ва «айти» йўналишида билим олаётган ўқувчиларнинг лойиҳалари билан танишишди.

Бу ерда 5-9 синф ўқувчилари учун — «Ёш информатиклар»; 5-8 синф ўқувчилари учун — «Компютер саводхонлиги»; 10-11 синф ўқувчилари учун — «Ёш дастурчилар»; 5-11 синф ўқувчилари учун «Бир миллион дастурчи» тўгараклари фаолият юритади.

Ўқитувчилар билан дарсдан ташқари вақтда 1-чорак таътил кунлари ноябр ойидан бошлаб шу кунга қадар тўгарак дарсларига қўшимча равишда «Бир миллион дастурчи» лойиҳаси доирасида ўқитувчи ва ўқувчи ёшлар билан биргаликда ўқиш ташкил этилган.

Ўқувчи ёшлар мазкур лойиҳанинг асосан Android ва Fullstack йўналишлари бўйича бошланғич дастурларини яратиб келмоқда.

Дарсдан кейин информатика хонасида ҳар бир тўгарак ўқувчилари жадвал асосида таълим олишади.

Мактабнинг информатика хоналари дарсдан кейин соат 18:00 дан – 22:00 гача очиқ бўлиб, юқори синф ўқувчилари ва аҳолига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Мактабнинг икки нафар информатика ўқитувчиси — Юлдуз Собирова ҳамда Зулайҳо Шодиева 2020 йилда «Топ-100» энг яхши ўқитувчилар сафига кирган. Ушбу ўқитувчиларнинг  меҳнати алоҳида  этиборга олиниб, уларга IT-Park томонидан 4 500 000 сўм пул мукофоти тақдим этилган.     

«One Million Uzbek Coders» лойиҳасида ўқитувчилар, шунингдек, фаол иштирокчилар учун ўтказилган $12000 мукофот жамғармасига эга танловида ушбу мактабдан Сайёра Арзиева 1000$, Зулайҳо Шодиева 1000$ ва Юлдуз Собирова 500$ миқдорида пул мукофотларига эга бўлишди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг