Қирғизистонда биринчи IТ хаб очилди

Жорий йилнинг 10 апрел куни Бишкек шаҳрида мамлакат президенти Садир Жапаров иштирокида Қирғизистондаги биринчи IТ хаб "Tехнопарк"ининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Рақамли ривожланиш ва инновацион технологиялар вазири Азамат Жамангулов, Бишкек шаҳар мэри Айбек Жунушалиев, шунингдек, IТ компаниялар, бизнес ҳамжамият вакиллари ва янги технопарк резидентлари ҳам иштирок этишди.
Президентни "Технопарк"да IТ соҳасини ривожлантириш билан шуғулланувчи юқори технологиялар парки кўмагида қирғизистонлик дастурчилар томонидан яратилган BilimBot роботи давлат тилида мулозамат ила кутиб олди.
“Бугун биз мамлакатимизни янада ривожлантириш учун муҳим пойдевор бўладиган IТ хабни ишга туширмоқдамиз. Бир пайтлар ушбу жойда республика иқтисодиётига катта ҳисса қўшган завод бўлган. Йиллар ўтди, замонлар ўзгарди ва энди тадбиркорлар ташаббуси ва давлат қўллаб-қувватлаши туфайли IТ бизнес учун замонавий платформа очилмоқда ва бу ерда IТ бизнеснинг янги тараққиёт тимсолига айлансин. Сизларни ушбу муҳим воқеа билан муборакбод этаман“, – деди, очилиш маросимида сўзга чиққан Садир Жапаров.
Рақамли технологиялар, инновациялар ва тадбиркорлик марказига айланувчи мазкур "Технопарк"да дастурчилар, дизайнерлар, таҳлилчилар ва ахборот технологиялари соҳасида фаолият юритувчи бошқа мутахассислар учун ҳам барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
14 минг квадрат метр майдонга эга IТ хаб жами 1500 та иш ўрнига мўлжалланган.
Айтиш жоизки, IТ хабни ишга туширишнинг илк босқичи 2023 йилда амалга оширилган эди. Бугунги кунга келиб эса технопаркда уч мингдан ортиқ иш ўринлари яратилган.
Ҳозирда бу ерда 250 та резидент компания фаолият юритади. Шунингдек, 115 та алоҳида офис ва 344 та очиқ майдонда ҳам иш жойлари мавжуд.
Ушбу IТ хабнинг очилиши Қирғизистоннинг рақамли иқтисодиётини ривожлантириш учун янги истиқболларни очиб беради ва инновацион лойиҳалар ва стартапларнинг ўсиши учун қулай шарт-шароитлар яратади десак, муболаға бўлмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter