Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қирққа яқин компания IT-Парк резиденти мақомидан маҳрум этилди

Қирққа яқин компания IT-Парк резиденти мақомидан маҳрум этилди

Фото: «Xabar.uz»

Дирекция олдидаги мажбуриятни бажармаганлиги учун 40 га яқин компания IT-Парк резиденти мақомидан маҳрум этилди.

Қайд этилишича, резидентлар ўз фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 июлдаги 589-сон қарори талаблари асосида амалга ошириши ҳамда IT-Парк резиденти фаолияти шартлари тўғрисидаги шартномага мувофиқ ўз мажбуриятларини бажаришлари шарт.

Хусусан, IT-Парк резидентларининг мажбуриятларига қуйидагилар киради:

  • фақат рўйхатдаги фаолият турларига асосланган бизнес-режада кўрсатиб ўтилган фаолият турларини амалга ошириш;
  • ҳар чоракда, IT-Парк Дирекциясига ўз фаолияти тўғрисида маълумот тақдим этиш;
  • ҳар йили молиявий-хўжалик фаолияти аудитини ўтказиш ва аудиторлик хулосасининг бир нусхасини IT-Парк Дирекциясига юбориш;
  • резидент IT-Парк Дирекцияси билан тузилган шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга.

Низом талабларини бажармаган резидентлар IT-Парк резиденти мақомидан маҳрум этилади, солиқ имтиёзлари эса бекор қилиниб, белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига тўлаш мажбуриятлари тикланади.

Бундан ташқари, 79 компаниянинг аудиторлик хулосаси Низом талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли хулосани қайта кўриб чиқиш бўйича ҳамда аудиторлик хулосаси белгиланган шаклга мувофиқ тақдим этилмаса, IT-Парк резиденти мақомидан маҳрум этиш бўйича хабарнома юборилган.

IT-Парк резиденти мақоми маълум афзалликларни беради. Хусусан, резидент компаниялар 2028 йил 1 январга қадар барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни, шунингдек, ижтимоий солиқни тўлашдан озод этилган. Шу билан бирга, иш ҳақи даромадидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 7,5 фоиз миқдоридаги ягона ставка бўйича солиққа тортилади.

Бундан ташқари, резидентларга қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • хорижий таъсисчилар учун хорижий валютада дивидендлар тўлаш - 5%;
  • чет эллик ходимларга иш ҳақини хорижий валютада тўлаш;
  • чет эллик мутахассислардан ишлаш учун рухсатнома талаб этилмайди;
  • IT-Парк Дирекцияси билан тузилган шартномага мувофиқ Виртуал офис хизматидан фойдаланган ҳолда фаолиятни амалга ошириш;
  • экспорт шартномасисиз экспорт хизматлари;
  • йиллик экспорт ҳажми 20 000 000 АҚШ долларидан ошганда IT-Парк резидентларининг ажратмалари 1 фоиздан 0,5 фоизгача пасайтирилади.

Қайд этилишича, бугунги кунда IT-Парк резидентлари сони 707 нафар (IT-компания)ни ташкил этади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг