Рақамли ҳукумат – ҳукумат инсонлар учун (видео)
Тошкент шаҳрида йилнинг муҳим тадбирларидан бири «ICT WEEK UZBEKISTAN 2023» ҳафталиги бошланди.
Мазкур ҳафталик доирасида бугун, 24 октябр куни Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази томонидан «Рақамли ҳукумат – ҳукумат инсонлар учун» саммити ўтказилмоқда. Унда БМТ экспертлари, Хитой, Корея, Қозоғистон каби давлатлардан етакчи вакиллар қатнашиб, маҳаллий экспертларнинг тақдимотлари тингланмоқда.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистонда рақамлаштириш тарихи бўйича видео намойиш қилинди. Иштирокчиларнинг кўз ўнгида Ўзбекистонда рақамлаштиришнинг мўъжаз тарихи гавдаланди.
Шундан кейин тадбирни очиш учун сўз Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовга берилди.
«Ҳафталик доирасида жуда кўп тадбирлар режалаштирилган, шулар орасида «Рақамли ҳукумат – Ҳукумат инсонлар учун» саммити муҳим аҳамият касб этади. Технологиялар қанчалик ривожланмасин, биринчи навбатда инсонлар учун хизмат қилиши лозим... Ҳозирда рақамли технологиялар барча соҳаларга, барча инсонлар ҳаётига чуқур кириб бормоқда. Давлатимиз раҳбари бизнинг олдимизга шундай вазифа қўйган: «рақамли технологиялар эртага инсонларнинг ҳаётини енгил қилсин, тадбиркорларнинг ҳаётини енгил қилсин», — қайд этди вазир.
2022 йилда Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Электрон ҳукумат рейтингида 18-поғонага юқорилаб, 69-ўринга чиққани соҳа ходимларида масъулият ҳиссини янада кучайтиргани аниқ.
Тадбирда БМТнинг иқтисодий-ижтимоий масалалар бўйича департамент вакили, Арпине Корекян иштирок этди ва Ўзбекистоннинг қисқа муддат ичида электрон ҳукумат соҳасидаги ютуқларини эътироф этди ҳамда Электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг глобал тенденциялари ҳақида тақдимот қилди.
Рақамли ҳукумат замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш орқали давлат органлари фаолиятининг сифати, шаффофлиги ва самарадорлигини оширишни назарда тутувчи тушунчадир. Унинг бош мақсади – фуқароларнинг давлат фаолиятидан бевосита фойда олишига асосланган.
Саммитда соҳа вакиллари ва фаоллар давлатнинг рақамли трансформацияси ва унинг фуқаролар ҳаётига таъсири билан боғлиқ муҳим масалаларни, шунингдек, турли мамлакатлар ва минтақаларда рақамли ҳукуматлар эришаётган муваффақиятлар, дуч келинаётган муаммолар ҳамда имкониятларни муҳокама қилинмоқда.
Саммитдан my.gov.uz портали ва my.gov.uz мобил иловасининг янги талқини тақдимоти ҳам ўрин олган. Бунда иштирокчилар my.gov.uzнинг янги кўриниши, ўзига хосликлари, қўшимча функциялари ҳамда қулайликлари билан тўлиқроқ танишиш имкониятига эга бўладилар.
Тадбир давомида, шунингдек, «рақамли ҳукумат»ни қуришда фаол иштироки бор, рақамлаштиришда самарали натижа кўрсатган давлат ташкилотлари ва хўжалик органларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилади.
Саммит давом этмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter