Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Риман сирти, OpenAI билан беллашиш»: Сингапурдаги математик ватандош ҳикояси

«Риман сирти, OpenAI билан беллашиш»: Сингапурдаги математик ватандош ҳикояси

«Xориждаги ватандошлар» лойиҳаси доирасидаги интервюлар давом этади.

Бу галги суҳбатдошимиз, Сингапур Миллий университети илмий тадқиқотчиси Каримжон Раҳимов бўлди.

Қаҳрамонимиз Бухоро вилоятида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетининг магистратура босқичи, Италиядаги Пиза университети докторантура босқичини тамомлаган. Францияда 2 йил илмий изланишлар олиб борган.

Юлдуз санаб математикадан кашфиётлар қилишни хоҳлаганман

1989 йил 17 майда Бухоро вилояти Ғиждувон туманида зиёлилар оиласида туғилганман. Аввало 7-синфгача қишлоғимизга яқин бўлган 24-сонли мактабда, сўнгра математикага ихтисослашган 5-сон банк лицейида таҳсил олдим. Болалик йилларим ҳар бир қишлоқ фарзандидек, қишлоқ юмушлари, копток тепиш, чироқсиз кечалар бошқотирмалар, мантиқий саволлар ечиш, юлдузлар санаб ўзимча математикадан нимадир кашфиётлар қилиш билан ва ундан ташқари бир йилда бир ой ёши улуғ инсонлар даврасида ҳаётий илм олиш билан ўтган.

Ота-онам икковлари ҳам Ўзбекистон Миллий университети математика факультетини тамомлаганлар. Болалигимда уйимизда математика китоблари бўларди, уларнинг аксарияти университет даражасидаги китоблар, тушунмасамда варақлаб ўқиб ўтирган вақтларим кўп бўлган. Бу менда математикага бўлган муҳаббатни шакллантирган, деб ўйлайман. Математик бўлиб шаклланишда унга бўлган муҳаббатнинг ўзи етарли эмас, математикани ўзлаштиришга бўлган кучли интилиш ҳам бўлиши керак. Бунга эришишимда ота-онамнинг тарбиям ва таълим олишимга бўлган кучли эътиборлари сабаб бўлган.

Талабалик даврим

Бакалавр босқичига ўқишга киришга тайёрланиш жараёнида умуман қўшимча дарсларга бормаганман, асосан ўзим тайёрланганман. Умуман олганда ўзим Ўзбекистон Миллий университетида таълим олишни истагандим. Навоий давлат педагогика институтида ўқишга қарор қилишимга кўп омиллар сабаб бўлган. Математикадан 100 фоизлик натижа кўрсатган тақдиримда ҳам бошқа фанлардан юқори балл ололмаслигимга кўзим етарди. Одатда нимагадир ЎзМУда кириш баллари юқори бўлар эди. Навоий давлат педагогика институтида баллар пастроқ ва грант кўпроқ ҳамда Навоий Ғиждувонга яқин бўлганлиги учун у ерга ўқишга топшириш мен учун мантиқлироқ кўринганди ўшанда.

Лекин, Навоийда ўқиганим очиғи кўп жиҳатдан мен учун жуда фойдали бўлган. Аввало илм бериш юқори даражада эмаслиги туфайли илмни ўқитувчилардан эмас, ўзим китоблардан олишни ўргандим, бу нарса кейинчалик илмий китобларни бировларнинг ёрдамисиз таҳлил қила олишимга кўмак берди. Агарда сизга яхши таҳсил берилмаса ва ўзингиз қийинчилик билан ўзлаштирсангиз, унда сиз фанни ўзлаштиришда қайси нуқталарда қийинчиликлар бўлишини жуда яхши ҳис қилар экансиз. Бу тажриба кейинчалик кўпгина олимпиадачи шогирдлар тайёрлашим, илм олаётган ёшларда фаннинг қайси нуқталарида муаммолар бўлишини тезда англашимда фойдали бўлди. Ундан ташқари Навоийда кўпгина ноҳақликларга учрадим, мисол учун номдор стипендиант бўлишдаги ҳолатни айтишим мумкин. Бу ноҳақликлар кейинчалик, диққатимни қанақадир мукофотлар ва бўлмағур нарсаларга қаратмасдан аниқ юқори мақсадларга қаратишим кераклигини англаб етишимга жуда катта ёрдам берди.

ЎзМУ менга жуда кўп имкониятлар эшигини очди

Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олиш менинг орзуларимдан бири эди. Чунки у масканда жуда кучли олимлар, академиклар фаолият олиб боришини ота-онам кўп марта айтиб беришган. Шу боисдан, бакалаврни тамомлаб, магистратура босқичи учун пойтахтга йўл олдим.

ЎзМУдаги ўқишимга келадиган бўлсак, биласизми, агар сиз аввал қийин муҳитда яъни ҳаммасини ўзингиз ўқишингиз, ўзингиз тушунишингиз ва таҳлил қилишингиз лозим бўлган жойда таҳсил олиб, сўнгра ўз соҳасини мутахассислари ишлайдиган ўз соҳасида дунё даражасидаги олимлардан таҳсил ола бошласангиз, сизда илм олишга бўлган ғайрат ва илм экспоненциал равишда ўсиб кетар экан. Икки таълим масканида жуда катта фарқни кўрдим. ЎзМУ менга жуда кўп имкониятлар эшигини очди, деб айта оламан. Мисол учун кучли кадрлар тайёрлайдиган математик анализ кафедрасида таҳсил олишим ва уни устига дунё тан олган олим академик Азимбой Садуллаевга шогирдликка тушишим математик сифатида шаклланишимга хизмат қилди.

2016 йил Италияга жўнаб кетдим

Бир муддат Ўзбекистондаги фаолиятимдан кейин 2016 йил Италиядаги Пиза университетига докторонтура босқичида таҳсил олиш учун жўнаб кетдим. Олийгоҳдаги илмий ишим Риман сиртларида мероморф боғламаларнинг геодезиклари динамикаси бўйича эди. Бу динамиканинг бир йўналиши бўлиб ҳаётдаги кўпгина динамик жараёнларда қўлланилади. Формал қилиб тушунтирсам ер сиртини Риман сирти сифатида қарашингиз мумкин. Ундаги иккита нуқтани энг яқин йўл билан туташтирувчи чизиқни геодезик десангиз бўлади. Икки нуқтани туташтирувчи узунлиги энг кичик бўлган чизиқ бу кесма деб ўйлашингиз мумкин. Лекин ер сирти Сферага яқинлигини ҳисобга олиб унинг икки қутбини туташтирувчи энг яқин йўл кесма эмаслигини кўрасиз. Демак геодезик айнан биз тасавваур қиладиган кесма эмас ва улар ҳар хил қонуният билан аниқланади. Фараз қилинг, ер сиртида бирор заррача бирор геодезик қонуният билан ҳаракат қилаяпти, савол шуки маълум узоқ вақтдан кейин шу заррача қаерда қай ҳолатда бўлади? Заррача қаерларга жуда яқин боради? Қачон бирор жойда тўхтаб қолади? Қачон даврий ҳаракатланади? Иккита бир-бирига жуда яқин заррача маълум вақтдан кейин бир-бири билан қандай масофада бўлади? Қачон хаос кузатилади? Содда қилиб айтсам менинг докторлик диссертациямдаги илмий ишим шу каби саволларга жавоб топишга бағишланган ҳамда ишим муваффаққиятли якунланган.

Фикрлардан ҳам кўра саволлар ичида қолдим

Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, жумласи нақадар тўғрилигини мусофир бўлиб англаб етдим, деб бемалол айта оламан. Ҳаётимдаги энг кескин бурилишлардан бири Италияда бўлди. У ердалигимда ҳаётимдаги шундай бир нуқта келдики, кўпгина фикрлар, фикрлардан ҳам кўра саволлар ичида қолдим. Италиядалигимда жуда кўп давлатларга илмий сафарларда бўлдим. Шунда миямда «бу ерларда ҳар хил одамларни кўряпман ҳаммаси ҳар хил дунёқараш ва ҳар хил ҳаёт тарзига эга, уларнинг қайси бири тўғри йўлда? Ўзим тўғри йўлдаманми? Тўғри яшаяпманми? Мақсадим нима ўзи?» каби саволлар жуда қийнарди. Шу саволларга жавоб олмасдан юрсам ўзимни алдаб юравераман деб ўйладим ва математикадан ташқари шу саволлар бўйича ҳам нолдан бошлаб илмий изланишлар олиб бордим. Ҳамма саволларимга жавоб олганимдан кейин ҳаётимдаги кўпгина нарсаларни ўзгартиришим кераклигини англадим ва аста-секинлик билан ўзгартирдим. Шундан бери мақсадларим аниқ фикрим теран ва ичимда хотиржамлик бор.

Қийналсангиз ҳам эътиборни бир жойга қаратинг

Математика кимгадир қийин, кимгадир осон, кимнингдир ҳаёти, кимгадир керак эмасдек туюладиган фан. Ҳар ким учун ўзи қизиқадиган ўзи ёқтирадиган ва иқтидори айнан шу соҳада бўлган қандайдир соҳалар бор. Кимдадир шу математика, кимдадир эса бошқа соҳа. Математикани кўпчилик ўрганишни исташининг асосий сабабларидан бири, математика ҳар биримизни ҳаётимизда жуда ҳам керак. Оилавий иқтисодиётни бошқаришда, тўғри сарф харажат қилишда, вақтни чамалашда, вазнни назорат қилишда ва ҳоказоларда математикани билиш талаб қилинади. Шунинг учун кўпчилик математикани ўрганаман дейди, кўпчилик ўрганмоқчи бўлганлиги учун ўрганишга қийналаётганларнинг ҳам сони кўп бўлади.

Ўзингиз билмаган илмни ўрганиш чироқ тугмаси қаердалигини билмайдиган қоронғу хонада тушиб қолгандек гап, то чироқни ёқиш тугмасини топмагунча анча қийналасиз тугмани топганда ҳамма нарсани осонликча кўра оласиз. Маслаҳатим шуки қийналсангиз ҳам тартиб ва эътиборни бир жойга қаратиб тушунмаётган нарсангизни қайта-қайта ўқинг. Шундай бир нуқта келадики миянгизда чироқ ёришгандек бўлади, ҳамма нарсани бемалол англай бошлайсиз. Ундан кейин деярли қийналмай қўясиз.

Мен математика соҳаси доим долзарблигини сақлашига ишонаман. Чунки  ҳаётимиздаги кўпгина янгиликлар, кашфиётларда математиканинг роли жуда катта. Ҳаётимизни енгиллаштириш учун ҳал қилишимиз керак бўлган муаммолар бор экан математикага доим эҳтиёж бор.

Келажакда математикани билиш даражаси инсон иқтидорини белгилайдиган бир омил сифатида қаралиши аста-секин ойдинлашиб бораяпти. Математика мантиқий фикрлашни оширувчи соҳа, уни ўрганиш ва ўргатиш доим долзарб бўлиб қолади.

Тирик қолмоқчи бўлсангиз OpenAI билан беллашишингиз керак

OpenAI, яъни сунъий интеллект стартапнинг фойдали жиҳатлари жуда кўп, ҳаммаси тўғри йўналтиришга боғлиқ албатта. Ҳозир, OpenAI кўпгина соҳаларда енгилликлар яратмоқда ва ҳаттоки айрим соҳалардаги ривожланишни янада тезлаштириб юбормоқда. Соҳаларни йўқ қилиб юборишига келсак, қайсидир соҳаларни тугашига олиб келиши мумкин. Бироқ барибир инсон назорати сақланиб қолинади. Ушбу стартап кўпгина соҳаларда мусобақани кучайтиради, яъни сиз шу соҳада тирик қолмоқчи бўлсангиз OpenAI билан беллашишингиз керак. Мисол учун интернет ҳаётимизга кириб келгандан кейин инсонлар янгиликларни газеталардан эмас интернетдан ўқий бошлади, бу газеталарга кучли рақобатчини пайдо қилди. Ҳозир кўриб турганимиздек ҳамма газеталар ҳам ёпилиб кетмади кучли газеталаргина том манода тирик қолди.

Контракт тўласа битиртириб юбориш бўлиб қолди

Ҳозир Сингапур Миллий университетида бир пайтнинг ўзида 3-4 та илмий иш устида иш олиб бораяпман. Комплекс ва ҳақиқий динамика, Плюрипотенциаллар назарияси ҳамда докторлик диссертациямдаги соҳам бўйича ҳам илмий ишларни давом эттиряпман.

Олийгоҳ ҳақида фикр билдирадиган бўлсам. Сингапур миллий универистети жуда катта кампусга эга, ундаги яратилган муҳит одамни ўқиш ва ишлашга бўлган завқ-шавқини оширади. Шароитларига келсак, кампус жуда катта бўлганлиги учун кампус ичида 6 хил йўналиш бўйича текин автобуслар йўлга қўйилган. Ундан ташқари кампусда бассейн, спорт зали, ҳар хил спорт майдонлари, ҳар бир бинода мусулмонлар учун намозхоналар ташкил қилинган. Факультетдаги муҳит, илм қилиш учун яратилган шароитлар ҳам жуда ажойиб. Италияда 3 йил, Францияда 2 йил фаолият юритдим лекин менга яратилган шароит ва муҳит бўйича Сингапур миллий университети кўпроқ маъқул тушмоқда.

Саволингизнинг иккинчи қисмига тўхталадиган бўлсам, мен мактаб даражасидаги эмас универиситет даражасидаги таълимни таққослаб камчилик, муаммолар ва ютуқлар ҳақида фикр билдирсам адолатдан бўлади ўйлайман. Келинг аввало университетлардаги бошқарув тизимининг университетдаги роли ва қандай танланишини таққослайлик. Сингапур, Италия ва Францияда бошқарув тизимидагилар яъни ректор, проректор, деканлар профессор-ўқитувчиларга хизмат қилади, уларни бошқаришга, назорат қилишга ҳаракат қилмайди.

Иккинчидан ректор, проректорлар сайланади, университет қадриятлари, танлаган йўлини яхши билган инсонларгина бошқарувга сайланади, аксар ҳолатларда шу университетда кўп йиллик фаолият юритганларгина бошқарувга келади. Бу муҳим ҳисобланади, чунки университетни ич-ичидан ҳис қилган, камчиликлар-у муаммоларини тушунган одамлар бошқарувга келиши, албатта доим фойдага ишлайди. Энди ўзимизга келсак, бошқарувдагилар профессор-ўқитувчилардан ўзларини жуда юқори тутишади, дарсларига келиб аралашишлари ҳам мумкин, бюрократик ишларни ўзлари қилмасдан профессор-ўқитувчиларни бюрократияга кўмиб ташлашади. Бошқарувдагилар тайинланиши ҳам ёмон оқибатларга олиб келади, одатда университетни билмайдиган, шу масканда таълим бермаган инсонлар бошқарувга келади. Бу университетни фақат орқага кетишига хизмат қилади. Хориждаги мен ишлаган кўпгина университетларда бир нарсани ҳис қилганман у жойларда университет бу бир катта оила, сиз фаррошмисиз, қўриқчимисиз, талабамисиз, ушбу университетга озгина алоқангиз борми, бўлди сиз ушбу оила аъзосисиз. Энди ўйлаб кўринг, ушбу оилага бошқа жойдан раҳбар келтириб қўйилиши мантиқсизлик.

Мен ишлаган хорижий университетларда асосан талабаларга яратилган шароитлар, уларнинг билим даражасини қандай кўтариш мумкинлиги, профессор-ўқитувчиларни илм қилиши учун етарли шароит яратилаётганлиги ва шунга ўхшаган бошқа масалалар муҳокама қилинади. Бизда талабаларнинг билим даражасини қандай кўтариш умуман муҳокама қилинмайдиган бўлиб қолди, муҳокама мавзулари билимсиз бўлса ҳам контракт тўласа иложи борича қандай қилиб бўлса ҳам битиртириб юбориш бўлиб қолди. Бу жуда ачинарли ҳолат.

Ҳар бир асарда муаллиф ўз дунёқарашини ифода этади

Анча йиллардан буён фильм кўрмайман ва кўришни ҳам маслаҳат бермаган бўлардим. Китоблар эса жуда муҳим мавзу. Ҳаммага бирдек 3 китоб тавсия бера олмаган бўлардим, чунки ҳар бир инсоннинг психологик ҳолати ва иймонининг кучи ҳар хил бўлади. Биз китоб деганда бу мукаммал энг тўғри нарса дегани эмас. Ҳар бир асарда муаллиф ўз дунёқарашини ифода этади ва унинг асарида унинг дунёқараши абсолют ҳақиқатга яқин энг тўғри йўл сифатида кўрсатилади. Сиз унинг асарини мутолаа қилганингизда, дунёга унинг кўзи билан қарай бошлайсиз. Сиз унинг фикрлашининг қанчадир қисмидан озуқа оласиз ва сизда янги ҳақиқатлар пайдо бўлади. Айниқса хорижий адабиётларда шу нарса намоён бўлади. Асарнинг ичидан сизга фойдали қисмини олиб зарарлисини ташлаб юбора оладиган даражада бўлсангиз, унда қандай асар ўқишингиздан қатъий назар сиз учун фойдали бўлади.

Келинг 3 та китоб тавсия қилишга ҳаракат қиламан, биринчи китоб Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар», иккинчиси Жалолиддин Румийнинг «Ичингдаги ичингдадур». Учинчи китоб сифатида битта китобни эмас, охирги 200 йиллик тарихимизни яхши ёритиб берувчи китоблар жамланмасини ўқишни тавсия бераман, шунда ким дўстимиз, ким душманимиз, қаерга қараб ҳаракат қилаётган эдик ва ҳозир қаерга қараб ҳаракат қилишимиз кераклигини ўзбек сифатида англашимиз анча осон бўлади.

Ёшлар билан ишлашни яхши кўраман

Аввало ҳар бир мусулмон каби барча фарзларни тўкис адо этиш. Ота-онам оиламни рози қилиш ва фарзандларимни тўғри тарбиялаш.

Ундан ташқари мен ёшлар билан ишлашни, уларни кашф қилишни яхши кўраман. Жуда кўп етук шогирдлар тарбиялаш ва тарбиялаганда ҳам барчасини ўзимданда кучли қилиб тарбиялаш менинг кейинги асосий миссияларимдан бири ҳисобланади. Агар сен олим бўлсанг ва жамиятни ривожлантирмоқчи бўлсанг жуда кўп шогирд тайёрла ва улар сенданда кучли бўлсин, шунинг ўзи жамият ривожланишига катта ҳисса қўшади.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг