Сенат янги таҳрирдаги қонунни қабул қилди
Навбатдаги ялпи мажлисда «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири Сенат аъзолари томонидан муҳокама қилинди.
Таъкидлангандек, мазкур Қонун билан аҳолига ва телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда.
Жумладан, бугунги кунда янги қурилган кўп қаватли уйларнинг айримларида тегишли инфратузилма кўзда тутилмагани сабабли қайта қурилиш ишларини олиб боришга тўғри келмоқда. Ушбу оворагарчиликларнинг олдини олиш мақсадида бундан кейин бино ва иншоотлар қурилишида замонавий телекоммуникация инфратузилмаси мажбурий бўлади.
Хусусан, кўп қаватли уйларда яшовчиларнинг аризаси бўлганда хизмат кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига бинода мавжуд инфратузилмадан беғараз фойдаланиш имконияти яратилади. Операторларга телекоммуникация инфратузилмаси объектларидан биргаликда фойдаланишга рухсат берилади.
Бундан ташқари, Қонун билан телекоммуникация соҳасида фаолият юритувчи субъектларга бир қатор қулайликлар яратилмоқда. Қонунга кўра энди банк, тўлов тизими, тўлов ташкилоти, электрон тижорат платформаси иловалари орқали хизматларни кўрсатишда телекоммуникациялар соҳасида фаолият юритиш учун лицензия талаб этилмайди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Қонун нормалари Конституцияга мослаштирилиб, телекоммуникациялар соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланишни таъминлаш учун шарт-шароитлар яратиш эканлиги белгилаб қўйилмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонуни қабул қилиниши телекоммуникация инфратузилмасидан самарали фойдаланиш имкониятини яратиш орқали хизматлар қамрови ва сифатини оширишга хизмат қилади.
Музокаралардан сўнг Қонун маъқулланди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter