Шерзод Шерматов АҚШ элчиси билан учрашди
Бугун, 18 май куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм билан учрашди.
2022 йилнинг 14 апрел куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни минтақавий IT марказга айлантириш бўйича топшириқлар берган эди. Шундан бери хорижий етакчи мутахассислар, IT-компаниялар вакиллари билан мулоқотлар янада кўпаяди.
АҚШ элчиси билан учрашувда ёшларни етакчи хорижий компанияларга масофадан туриб хизмат кўрсатиш касбига, яъни аутсорсинг (BPO ва KPO) хизматларини кўрсатишга ўргатиш, кейинчалик уларни иш билан таъминлаш мақсадида республиканинг барча ҳудудларида масофавий хизматлар кўрсатиш аутсорсинг (BPO ва KPO) марказлари ташкил этилаётгани таъкидланди.
BPO йўналиши бўйича АҚШдаги дунё миқёсидаги етакчи компаниялар билан музокалар олиб борилиб, улар республикамизга жалб қилинса, ҳар бир аутсорсинг марказида йилига камида 25 та янги иш ўрни яратиш ва ҳудуддаги IT-хизматлар экспортини ошириш мумкин.
Вазир ва элчи мулоқотида Ўзбекистонни минтақавий IT-марказга айлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, АҚШнинг етакчи IT-компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтириш, Ўзбекистонда IT-соҳани ривожлантириш, «Рақамли Ўзбекистон–2030» стратегиясини амалга ошириш, халқаро тажриба ва илғор тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда «Электрон ҳукумат» ва рақамли саноатни янада ривожлантириш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter