Шуҳрат Содиқов сенаторларнинг саволларига жавоб берди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси доирасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сенаторлар томонидан берилган саволларга жавоб бериб, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларга ҳам тўхталиб ўтди.
Таъкидланганича, Ўзбекистон президентининг фармони (2020 йил 2 март, ПФ-5953-сон) билан тасдиқланган Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури ижросини ташкил этиш мақсадида вазирликнинг тармоқ дастури ишлаб чиқилган ва тасдиқланган.
Шу муносабати билан бугунги кунда вазирликнинг 2020 йилдаги энг устувор вазифаларидан бири, ижтимоий соҳа объектлари — умумтаълим мактабларини 70 фоиз, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини йил охиригача 100 фоиз тезкор интернетга улаш вазифалари турибди.
Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш борасида йирик лойиҳалар амалга ошириляпти. Бугунги кунда интернетга кенг полосали уланиш бўйича 490 мингта порт ўрнатилди, портларнинг умумий сони 2,5 миллионтага етказилган.
9 минг километрга яқин оптик толали алоқа линиялари қурилиб, оптик алоқа линиялари кенгайтирилмоқда.
Маълумотлар узатиш тармоғининг ўтказувчанлик қобилияти вилоят марказлари даражасида икки бараварга, туман марказлари даражасида тўрт бараварга оширилган.
Мобил алоқа қамровини кенгайтириш мақсадида 1 375 та мобил алоқа база станцияси ўрнатилиб, уларнинг жами сони 27,4 мингтага етказилди ва аҳоли масканларида мобил алоқа қамрови 97 фоизни, юқори тезликдаги мобил интернет қамрови 78 фоизни ташкил этди.
Аҳолининг кенг полосали мобил интернет хизматларига бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида «Ўзбектелеком» АК «Ўзмобайл» филиали томонидан мавжуд 1 000 дан ортиқ база станциялари кенг полосали технологиялар асосида модернизация қилинган.
Жиззах эркин иқтисодий зонасида жанубий кореялик ҳамкорлар билан биргаликда лойиҳа қиймати 11 миллион долларлик, йиллик қуввати 50 минг километр оптик толали кабел маҳсулотларини ишлаб чиқариш заводи ишга туширилган.
Телекоммуникация тармоқларини ривожлантириш ишлари асосида бугунги кунга қадар 19 341 та ижтимоий соҳа объектидан 11 595 тасида (60 фоиз), жумладан, халқ таълими объектларининг 5 659 тасида (56 фоиз), мактабгача таълим муассасаларининг 3 723 тасида (65 фоиз) ва соғлиқни сақлаш объектларининг 2 213 тасида (63 фоиз) оптик толали алоқа линиялари асосида юқори тезликдаги интернет хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган.
Телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш мақсадида йил якунига қадар 153,7 миллион доллар миқдоридаги лойиҳаларни амалга ошириш белгиланган.
Бугунги кунда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан контактсиз алоқа шаклларини янада такомиллаштириш мақсадида Ягона интерактив давлат хизматлари портали ((https://my.gov.uz) жорий этилган. Бугунги кунда Ягона портал орқали 200 дан ортиқ электрон давлат хизматлари тақдим этиб келинмоқда.
Ушбу хизматлар бўйича йил бошидан бери 1,4 миллионта ёки ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 8,1 фоизга кўп ариза келиб тушган.
Ягона порталда жорий қилинадиган ва такомиллаштириладиган оммабоп давлат хизматлари рўйхати тасдиқланган бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида йил якунига қадар умумий хизматлар сони 230 тадан ошади.
Жумладан, кўчмас мулкни ижарага бериш шартномаларини рўйхатдан ўтказиш, фуқароларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий рўйхатга олиш, иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотнома олиш хизматлари жорий қилиниши ҳамда архитектура-режалаштириш топшириғини олиш, кадастр паспортини рўйхатдан ўтказиш, ипотека кредитлари бўйича давлат субсидиясини олиш хизматларининг такомиллаштирилиши режалаштирилган.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг маърузасини ютуб-каналда ушбу ҳавола орқали кўриш мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter