ТАТУ Япония билан ҳамкорликни кучайтирмоқда (фото)
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ректори Т.Тешабоев ва Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Ж.Абдужалилов Японияда бўлиб, бир қанча илғор университетлар билан ўзаро ҳамкорликка келишиб олишди. Бу ҳақда университет матбуот хизмати маълум қилди.
Нагоя университетида ўтказилган учрашув доирасида Тошкент ахборот технологиялари университетида АКТ соҳасида (Компьютер инжиниринг, Дастурий инжиниринг ва Ахборот хавфсизлиги мутахассисликлари) Sandwich program қўшма магистратура ташкил этиш бўйича келишувга эришилган.
Шибаура технология институтидаги музокаралар давомида бакалавриатурада таҳсил олаётган талабалар алмашинувини жорий этишга келишиб олинган. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида ТАТУ ёш профессор ўқитувчилари ва магистрантлари қисқа муддатли илмий тадқиқот билан шуғулланиш учун Шибаура технология институтига юборилади.
ТАТУ делегацияси Кейо университети профессорлари Кан Сузуки, Жун Мураи, Масаҳито Кавамори билан учрашув чоғи шу университетнинг фан ва технологиялар факультети билан ҳамкорликда илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш бўйича келишув имзолаган.
Ушбу ҳамкорликка кўра, Кейо университети профессорлари ТАТУда амалга оширилаётган илмий лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва ҳамкорликда илмий тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистонга келишлари режалаштирилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter