“Телеком антифрод” — мижозлар ишончини оқлаш ва рақамли иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг замонавий ечими

Сўнгги йилларда рақамли технологиялар ва молия хизматлари жадал ривожланиб, инсон ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда. Аммо рақамли қулайликлар билан бирга, киберҳавфсизлик билан боғлиқ муаммолар ҳам ортиб бормоқда. Айниқса, мобил алоқа орқали амалга ошириладиган фирибгарликлар, жумладан, SMS-фишинг, телефон орқали алдов, SIM-картани алмаштириб фирибгарлик қилиш (SIM-swapping), қурилма клонлаш каби усуллар кенг тарқалган.
Мазкур муаммоларга қарши курашишда банк ва телекоммуникация соҳалари ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда. Бу ҳамкорлик натижасида “ЎзТТБРМ“ ДУК томонидан жорий этилган “Телеком антифрод” тизими мижозларнинг мобил қурилмалари билан боғлиқ шубҳали фаолиятларни аниқлашга ва молиявий операцияларни ҳимоялашга қаратилган илғор ахборот тизимидир.
“Телеком антифрод” — бу мобил алоқа операторлари ва банклар ўртасидаги интеграция асосида ишловчи интеллектуал платформа бўлиб, у реал вақт ичида мижоз фаолиятини таҳлил қилиб, шубҳали ҳаракатларни аниқлайди ва зарурат туғилганда операцияни вақтинча тўхтатиб туриш ёки текширувга йўналтириш имконини беради.
Масалан, мижоз SIM-картасини яқинда алмаштирган, бошқа қурилмадан SMS-код киритган ёки клонланган мобил қурилмадан рўйхатдан ўтмоқчи бўлган тақдирда тизим бу ҳолатларни автоматик тарзда қайд этиб, мос равишда хавфсизлик чораларини кўради.
Ҳозирги кунга келиб, “Бизнесни ривожлантириш банки”да мазкур тизим синов тариқасида жорий этилган ва қисқа фурсат ичида салмоқли натижалар қайд этилди. Жумладан:
17 000+ фойдаланувчи банк иловасидан рўйхатдан ўтган;
18 500+ молиявий операциялар амалга оширилган.
Тизимнинг самараси шундан иборатки, у шубҳали ва хатоли операцияларни аниқлаб, уларнинг олдини олди:
6 339 ҳолатда операцияни тасдиқлашда хатолик қайд этилган;
5 477 ҳолатда бошқа қурилмадан SMS-коддан фойдаланилган;
13 804 ҳолатда мобил иловадан рўйхатдан ўтишда нотўғри SMS-код киритилган;
5 484 ҳолатда бошқа қурилмадан рўйхатдан ўтишга уриниш аниқланган.
Бу рақамлар тизимнинг хавфларни аниқлашда юқори самарадорликка эга эканини кўрсатиш билан биргаликда бугунда “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг мобил иловаси хавфсиз, кулай ва замон талабларига бардошлигини кўрсатади.
“Телеком антифрод” тизимининг банк ва тўлов тизимларига кенг жорий этилиши қуйидаги ижобий ўзгаришларга олиб келади:
Фирибгарлик ҳолатларини олдини олиш;
Мижоз маблағларини тезкор ҳимоялаш;
Банк тизимига нисбатан ишончни ошириш;
Тўлов карталари ва мобил иловалардан фойдаланиш хавфсизлигини кучайтириш.
Натижада, мижозлар ўз маблағлари ва шахсий маълумотлари яхшироқ ҳимояланганини ҳис қилиб, рақамли хизматлардан фаолроқ фойдаланишга интилишади.
“Телеком антифрод” — бу нафақат замонавий технология, балки мижозларнинг ишончини сақлаб қолиш ва рақамли иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг муҳим қадами ҳисобланади. Мазкур тизимнинг кенг қамровли татбиқи келажакда барча банклар учун стандарт хавфсизлик механизмига айланиши мумкин.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter