Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«UzChat» мессенжери кимга тегишли? Ундан кимлар фойдалана олади?

«UzChat» мессенжери кимга тегишли? Ундан кимлар фойдалана олади?

Кеча, 26 декабрь куни бир қатор Телеграм-каналлар ва ижтимоий тармоқларда янги «UzChat» миллий мессенжери ҳақидаги айрим чалғитувчи маълумотлар пайдо бўлди. Хусусан, хабарларда мессенжер ҳавфсизлиги ва унга бўлган эгалик ҳуқуқи шубҳа остига олинди, унинг «СИБРУС» (Россия) иловасига ўхшашлиги таъкидланди, дейилади «UMS» МЧЖ маълумотида.

«UMS» МЧЖ расман шуни таъкидлайдики, «UzChat» мессенжерининг бошланғич коди ва мессенжерга доир барча ҳуқуқлар «UMS» МЧЖга тегишли ва мобил оператор унинг ягона ҳуқуқий эгасидир. «UMS» МЧЖ Ўзбекистон Республикаси ҳудудини тўлиқ қамраб олиш ва Интернет тармоғи билан таъминлаш вазифаларини бажариш доирасида давлат хизматларини кўрсативчи оператор сифатида бундай ҳуқуқларга эга бўлган.

Хорижий мессенжерлардан фарқли ўлароқ, «UzChat»нинг барча серверлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва фақат мамлакатимиз мутахассислари томонидан бошқарилмоқда. Мессежнер криптографик ҳимояга эга бўлиб, у орқали юборилаётган маълумотларни бузиб очишнинг имкони йўқ. Маълумотлар алмашинуви протоколининг кучли ҳимоянланганлиги туфайли фойдаланувчи чет элда бўлганда ҳам мессенжердан ҳавфсиз тарзда фойдаланиши мумкин. Ҳозирда «UzChat»ни Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига кўра сертификатлаш ишлари олиб борилмоқда.

Миллий мессенжернинг давлат идоралари ходимлари фаолиятига жорий қилиниши маълумот алмашиш тезлигини бир неча бор ошириши, давлат аппарати самарадорлигини юксалтириши, давлат бошқаруви ва иқтисодий фаолиятни мустаҳкам ҳимоя билан таъминланишини «UMS» МЧЖ яна бир бор таъкидлайди, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг 1 апрелидан ҳукумат мобиль алоқасидан фойдаланиш давлат органлари, ташкилотлар, жойлардаги давлат бошқаруви органлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ходимлари учун хизмат вазифаларини бажариш вақтида мажбурий ҳисобланади.

Ҳукумат мобиль алоқасининг муҳим жиҳати абонентларга ҳукумат корпоратив мессенжери – «UzChat»га махсус кириш ҳуқуқи берилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг