Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

UZIMEI бўйича қатор қулайликлар жорий этилди

UZIMEI бўйича қатор қулайликлар жорий этилди

Фото: «Xabar.uz»

Жисмоний шахсларнинг хориждан тeлeфонларни олиб киришида янада қулайликлар яратилди.

2019 йилдан буён Ҳукумат қарори билан мобил қурилмаларни рўйхатга олиш амалга ошириб келинаётган эди. Мамлакатимизда туризмни янада ривожлантириш, фуқароларга қулай шароит яратиш ҳамда мобил қурилмаларнинг ноқонуний рўйхатга олинишининг олдини олиш орқали жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ҳукуматимизнинг яна бир қарори қабул қилинди. Бу ҳақда бугун, 27 октябр куни «ICTWEEK UZBEKISTAN – 2023» ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги доирасида ўтказилган тадбирда эълон қилинди.

Унга кўра, жисмоний шахслар ҳамда чет эл фуқаролари учун мобил қурилмаларини рўйхатдан ўтказиш жараёнида бир қатор қулайликлар яратилмоқда.

Биринчидан, жисмоний шахслар хориждан ўзи билан олиб кирган иккита мобил қурилма (телефон)ни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказиши имконияти яратилди.

Бунгача фуқаролар томонидан фақат бир дона хориждан ўзи билан олиб келган телефонни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказишга рухсат берилган эди.

Иккинчидан, эндиликда телефонларни рўйхатга олишда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан ўзга шахслар томонидан фойдаланиш имкониятиларига барҳам берилади.

Телефонларни UZIMEI тизимида рўйхатга олишда масофадан туриб (онлайн) шахсни биометрик идентификация (Face-ID) қилиш жорий этилди. Ушбу қулайлик орқали фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан ўзгалар фойдаланишининг олди олинади.

Мазкур технология ёрдамида жисмоний шахс ўзига тегишли мобил қурилмаларни рўйхатга олишни ўзининг биометрик маълумотларидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда амалга оширади. Бунда, жисмоний шахс IMEI кодларини рўйхатга олишни расмий веб-сайт (uzimei.uz), Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва унинг мобил талқини ҳамда тизим рўйхатга олувчиларига бевосита мурожаат қилган ҳолда биометрик идентификация орқали амалга ошириши мумкин.

Эндиликда мазкур технология жисмоний шахларнинг бевосита иштирокида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш имкониятини яратади ҳамда бу орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний рўйхатга олиш ҳолатларининг олдини олишга асос бўлади.

Учинчидан, юртимизга хизмат сафари ёки туризм учун келаётган хорижий фуқаролар мобил қурилмаларидан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш даври амалдаги 30 календарь кунидан 60 календарь кунигача узайтирилди.

Ушбу қулайлик яратилиши натижасида юртимизга тез-тез келувчи чет эл фуқаролари ўз телефонларидан Ўзбекистон ҳудудида 2 ойгача фойдаланишлари мумкин бўлади. Ўзбекистон Республикасида инвестиция лойиҳалари доирасида жалб этилаётган чет эл мутахассисларининг бир ойдан ортиқ муддатда мамлакатимиз ҳудудида бўлиши мобил қурилмалардан фойдаланиш муддатини узайтиришни тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, фуқаролар томонидан ҳар бир олиб кирилаётган мобил қурилма божхона чегарасини кесиб ўтишда декларацияланиши ҳамда декларация натижаси бўйича мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимига интеграция қилиниши улар томонидан қонуний олиб кирилишига асос бўлади. Бу билан ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди олинишига эришилади. Бунинг натижасида фуқаролар ўзи билан олиб кирган қўшимча иккинчи мобил қурилмани UZIMEI тизимида муаммосиз рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг