Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Хавфсиз шаҳар» билан «Ақлли шаҳар» ўртасидаги фарқ нимада?

«Хавфсиз шаҳар» билан «Ақлли шаҳар» ўртасидаги фарқ нимада?

«Хавфсиз шаҳар» одамларнинг хотиржам яшашларини таъминлайдиган тизимдир.

Foto: «Disaster Management»

«Хавфсиз шаҳар» тушунчаси ҳақида нималарни биламиз?  Унинг «Ақлли шаҳар»дан фарқи нимада? «Хabar.uz» мухбири шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида мамлакатимизда «Хавфсиз шаҳар» қуришга бевосита масъул муассаса — Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директорининг биринчи ўринбосари Асаджон Хўжаев билан суҳбатлашди.

— Асаджон Азатбекович, суҳбатимизни «Хавфсиз шаҳар» тушунчасига изоҳ беришдан бошласак.

— «Хавфсиз шаҳар» тизими — хавф-хатарларни, фавқулодда вазиятларни, ҳодисаларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни комплекс бошқариш тизими бўлиб, давлат томонидан аҳоли ҳаёти ва фаолиятини барча ташқи (табиий, техноген, ижтимоий-биологик, экологик, жиноий ва бошқа) таҳдидлардан муҳофаза қилиш билан бирга, уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа ижтимоий объектларни ягона ахборот маконига бирлаштиради.

Бу тизим асосан ўзининг ҳуқуқ-тартибот бирлиги билан аҳамиятлидир. Ушбу жараёнда амалда барча ўрнатиладиган ва жамоат тартиби ҳамда йўл ҳаракати қоидалари бузилишларини аниқлайдиган кузатув камералари муҳим рол ўйнайди. Бироқ, лойиҳанинг моҳияти биргина воқеа-ҳодисаларни узлуксиз кузатиб боришдан иборат эмас, балки уларни жойида аниқлаш ва олдини олишдадир, зеро муаммо бевосита унинг бошланғич нуқтасидан пайдо бўлади. Муаммоларни ўз вақтида аниқлаш эса уларни бартараф этишга нисбатан харажатларни анча камайтиради.

«Хавфсиз шаҳар» тизими ривожланган давлатларнинг жуда кўплаб шаҳарларида татбиқ этилган, янги шаҳарларни шу лойиҳа асосида қуришмоқда. Ниҳоят, мамлакатимизда ҳам бу тизимга старт берилди. Бунга Сергели туманида амалга оширилган ишлар мисолдир.

Асаджон Хўжаев, Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директорининг биринчи ўринбосари.
Фото: «Gazeta.uz»

— Қайси хорижий давлатлар тажрибалари ўрганилди?

— Аввало, «Хавфсиз шаҳар» билан «Ақлли шаҳар» ўртасидаги фарқни аниқлаштириб олиш керак. Кўпчилик буларни битта тушунча сифатида қабул қиладилар. Аслида бундай эмас. «Ақлли шаҳар»да АКТ имкониятлари, инновацион «ноу-хау»лар асосан инсонлар иш фаолиятини максимал даражада енгиллаштиришга йўналтирилади. Масалан, юз тузилишингиз ёки овозингиздан таниб уй эшигингизнинг автоматик очилиши, кириб-чиқишда чироқларнинг ўз-ўзидан ёниб-ўчиши ва ҳоказо. «Хавфсиз шаҳар»да эса барча имконият ва қулайликлар шу ерда яшовчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи билан боғлиқ хавфсизлигини таъминлашга қаратилади. Бир сўз билан айтганда, «Хавфсиз шаҳар» одамларнинг хотиржам яшашларини таъминлайдиган тизимдир.

Саволингизга келсак, бу тизим бизда янгилик бўлгани учун, албатта, хориж тажрибаси ўрганилди. АҚШ, Европа, Жанубий Корея, Япония ва Россияда бу борада эришилган ютуқлар таҳлил қилинди ва ўзимизга мос тизим устида ишланди. 

«Хавфсиз шаҳар» яратиш бўйича дунёда ягона ва стандарт тизим йўқ, унинг концепциялари жуда кўп. Ҳар бир давлат имконияти ва шарт-шароитидан келиб чиққан ҳолда ўзига бирламчи бўлган омилларни кўзда тутиб тизимни ишлаб чиқади.

— Масалан?

— Мисол учун, барча давлатларда бу лойиҳа эҳтимолий таҳдидларга жавоб қайтариш ва огоҳлантириш тизимларини интеграция қилади. Янада соддалаштирсак, тизим инсон ҳаёти ва фаолияти хавфсизлиги учун бирламчи бўлган тузилмалар — соғлиқни сақлаш (тез ёрдам), ички ишлар, ўт ўчириш, фавқулодда вазиятлар хизматларини ўзаро интеграциялайди. Шу тўрт тузилма ҳамма давлатда мавжуд ва одамлар учун жуда муҳим. Энди қайсидир давлат бу рўйхатни кенгайтириши мумкин. Масалан, улар сафига экология, қутқарув, коммунал ёки санитария-эпидемиология назорати хизматларини қўшиш мумкин. Интеграциялашган органлар қанчалик кўп бўлса, «Хавфсиз шаҳар» аҳамияти шунча ортади.

Келинг, тасаввур қилиб кўрамиз. Бир жойда кимдир тўпланган хазонга ўт қўйиб юборди, буни у ўша жойни тозалаш учун шунчаки қилган бўлиши ҳам мумкин. Хўш, бундай вазиятда биринчи бўлиб кимга мурожаат қиламиз: ички ишларгами ёки ўт ўчириш хизматига?

Ҳар икки орган ходими келиши мумкин ва албатта суриштирувлар бўлади ўзига яраша. «Хавфсиз шаҳар»да бундай вазиятда биргина рақамни терамиз. Улар қаерда, қайси манзилда ёнғин бўлганини ёзиб олади ва керакли хизматларга тезкор хабар юборишади.

Агар ёнғин кучли бўлса, уни бартараф этиш учун албатта ўт ўчириш хизматига, ёнғиндан жабрланганлар бўлса, тез ёрдамга хабар берилади. Тез ёрдам жабрланган одам ҳақида албатта тезкор маълумотга эга бўлади: ёши, жинси, куйиш ёки ёндош касалликлари, ҳатто касаллик тарихидан кўчирма ҳам юборилиши мумкин. Тез ёрдам машинаси учун объект жойига қайси йўналиш билан тезроқ етиб келиш чизмаси ҳам тақдим қилинади. Шифокорлар беморни олиб кетиш асносида агар унга операция зарур бўлса, яқин атрофда қандай клиника борлиги, операция хонаси бўш ёки бандлиги, қандай жарроҳ зурурлиги ҳақида базага маълумот тақдим қила олади. Бунинг учун барча органлар хизмат машиналари ўзаро маълумот алмашиш учун GPS-навигаторлар билан таъминланади.

Энди ёнғин содир бўлган жойга қайтсак, агар ёнғин қасддан қилинганига шубҳа уйғонса, бу ерга ички ишлар органини ҳам жалб қилиш мумкин. Ёнғин оқибатида атроф-муҳитга зарарли тутун тарқалса, фавқулодда вазиятлар хизмати, табиатни муҳофаза қилувчи ташкилотларга ҳам хабар берилади. Ва албатта буларнинг барчаси биргина телефон рақамини териш орқали амалга оширилади. АҚШда бу иш билан «911» рақамли хизмат шуғулланади. Марказ ходимлари ва ички ишлар ходимлари билан ҳамкорликда Сергели туманининг Сергели 6А мавзесида «Хавфсиз шаҳар» ягона хизмати жорий этилди. Ушбу хизмат ҳозирда тест тартибида ишлаяпти. Тест муваффақиятли ўтса, Тошкент шаҳрида ягона «112» рақамли «Сall-center» ташкил этилади ва республикамизда қуриладиган барча «Хавфсиз шаҳар»ларда жорий этилади.

— Сергелидаги «Хавфсиз шаҳар»да яна қандай ишлар амалга оширилди?

— Хабарингиз бор, пойтахтимиздаги жуда кўплаб чорраҳаларга транспортлар ҳаракатини тасвирга олувчи кузатув камералари ўрнатилганига бир мунча вақт бўлди. Бу ҳам «Хавфсиз шаҳар» лойиҳаси доирасида қилинган ишлар. Бугунги кунда ушбу ишларнинг натижаси ҳаммага маълум, яъни йўл ҳаракати қоидасини бузувчи ҳайдовчилар ва йўл-транспорт ҳодисалари сезиларли даражада камайди.

Сергелида бу тизим анча мукаммалаштирилган. Кузатув камералари вазифасини ҳамма билади. Бундан ташқари, уйларнинг томларига, ертўлаларига «ақлли датчик»лар ўрнатилди.

— «Ақлли датчик»лар функцияси қандай?

 — Улар табиий ва техноген ҳодисалар юз берганда: тутун, ис гази, олов учқуни, сув қувурларининг ёрилиб кетиши, зилзиладан сўнг биноларнинг оғиш чизиғи кабиларни зудликда қайд этади ва маълумотлар базасига юборади. Маълумотларни ҳатто суратга, видеога олиб жўнатса бўлади. Бунинг учун барча уй-жой ширкатлари ўзимизда ишлаб чиқарилган Artel махсус телефонлари билан таъминланган. Бундан ташқари, об-ҳавони, намлик даражасини, магнит тўлқинлар миқдорини аниқлаб берувчи ўлчагичлар ўрнатилган. Буларнинг бари нохуш воқеалар олдини олиш ёки бартараф этиш, энг муҳими, инсонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун керак.

Шаҳарчадаги 50-сонли шаҳар ички ишлар бўлими ҳам талаб даражасида жиҳозланган. Барча кузатув камераларидаги тасвирларни бўлимдаги мониторлар орқали навбатчи ходимлар кузатиб боради. Ҳудудда бемақсад юрган ёки шубҳали кўринган ҳар бир киши бўлимдаги маълумотлар базасига киритилади ва қидирувда бўлган шахслар билан солиштирилади. Бундан ташқари, ушбу ҳудудда барпо этилган 55-мактаб ҳамда мактабгача таълим муассасаси ҳам видеокузатув тизимига уланган. Ўқувчиларнинг мактабга кириб чиқишлари ҳамда дарсларни ўзлаштириши мониторингини олиб бориш учун турникет ва электрон журнал тизимлари жорий этилган.

Айни дамда марказ мутахассислари томонидан вазирлик ва идораларда мавжуд тизимларни ўрганиш ҳамда уларни «112» ягона хизмат тизимига интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

— Хоҳлаймизми-йўқми, юқорида санаб ўтилган ишларни керакли мутахассисларсиз амалга ошириш қийин. Марказ ходимларининг билимини ошириш борасидаги ишлар қандай кетяпти?

— Тизимни жорий этиш ва ривожлантириш бўйича мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида, дунёнинг турли шаҳарларида «Хавфсиз шаҳар» АДКни жорий қилиш ва ривожлантиришга ҳисса қўшган йирик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиниб, ишчи учрашувлар, семинар тренинглар ўтказилиб, чет эл тажрибалари, камчиликлари ва ютуқларини ўрганиш мақсадида мутахассисларнинг «Хавфсиз шаҳар» АДК аъло даражада жорий этилган давлатларга хизмат сафарлари ташкиллаштирилмоқда.

Шунингдек, марказ мутахассислари томонидан «Хавфсиз шаҳар» АДКнинг таркибий қисмлари бўлган синов лойиҳалари, жумладан, Сергели 6А мавзесида жорий этилган «Хавфсиз ҳудуд»,  Тошкент вилоятининг Паркент туманида «Хавфсиз дам олиш» лойиҳаси юзасидан ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, сайёҳлар ва меҳмонлар учун хавфсизликни таъминлаш ва замонавий шароитлар яратиш мақсадида марказ мутахассислари ва ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида «Хавфсиз туризм» лойиҳалари амалга ошириляпти.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда «Хавфсиз шаҳар» АДКни татбиқ этиш ёшларнинг одоб-ахлоқи, ҳайдовчиларимизнинг транспорт воситаларини бошқариш маданияти ва йўловчиларнинг масъулиятларини оширишга ҳамда нафақат ўзимизнинг, республикамизга ташриф буюраётган меҳмонларнинг ҳам хавфсизликларини таъминлашга ёрдам беради, деб тўлиқ ишонч билан айта оламиз.

– Суҳбатингиз учун раҳмат.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг