Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Холон технология институти доктори: «Инновацион тараққиётга Ал-Хоразмий кашфиётлари асосдир»

Холон технология институти доктори: «Инновацион тараққиётга Ал-Хоразмий кашфиётлари асосдир»

Холон технология институти доктори Яков Даматов Ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари ҳақида гапирди.

Фото: «Xabar.uz»

Тошкентда Муҳаммад ал-Хоразмий таваллудининг 1235 йиллигига бағишланган  халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманда 10 га яқин давлатдан келган ва юртимиздан олимлар, соҳа мутахассислари, илмий тадқиқотчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Фото: Сергей Наследов
Фото: Сергей Наследов

— Замонавий ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида бажарилаётган барча ҳисоблаш амалларининг негизида буюк ватандошингиз Муҳаммад ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари ётгани нафақат ўзбек халқига ғурур-ифтихор бағишлайди, балки буни бутун дунё тан олади, — дейди Исроил давлатининг Холон технология институти доктори Яков Даматов. — Конференция иштирокчиларидан бири асли математика, алгебра ал-Хоразмийдан бошланади, деган фикрни айтди. Дарҳақиқат, у ўз даврининг, балки барча замонларнинг ҳам энг буюк математигидир. Айниқса, ҳозирги даврда шиддат билан тараққий этаётган рақамли инновацион тараққиётга ҳам Ал-Хоразмийнинг илмий кашфиётлари асосдир.

Конференцияда телекоммуникация, ахборот-коммуникация технологияларининг иқтисодиётимиз ривожидаги роли, муаммолар ва уларнинг ечимлари, кўрсатилаётган хизматлар сифати ва хавфсизлиги масалалари сингари кўплаб долзарб мавзулар кўриб чиқилди.

Конференция доирасида семинарлар ташкил этилиб, унда электрон тижорат, «Электрон ҳукумат» тизимини жорий қилиш ва ривожлантириш борасида ахборот технологияларидан фойдаланиш, «Ахборот кутубхонаси ва архивлар» йўналишининг инновацион ривожланиши, ихтисослаштирилган дастурий ва аппарат ишланмаларидан иқтисодиётнинг реал тармоқларида фойдаланиш, ахборот хавфсизлиги муаммолари, «ақлли» ва «хавфсиз» уйларни лойиҳалаштириш ҳамда замонавий педагогика ахборот технологиялари бўйича оригинал тадқиқотлар ўрганилди. Шунингдек, телекоммуникация тизимлари, рақамли телевидение, радио, симсиз алоқа технологиялари, радиотехника ривожланиши истиқболлари ҳақида фикр юритилди. Ахборот технологиялари учун назарий асосни таъминловчи аналитик материаллар ва илмий ишлар муҳокама қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг