Россияда 100 нафар ўзбекистонлик 2 ой давомида ойликсиз ишлатилган
Россиянинг Свердловск вилоятида иш берувчи бир гуруҳ шахсларнинг фуқаролик паспортларини олиб қўйган ҳамда икки ой давмоида маош бермасдан паррандачилик фабрикасида мажбурий тарзда ишлатиб келган. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳолат юзасидан уч нафар ўзбекистонлик Ташқи меҳнат миграция агентлигининг Екатеринбург шаҳридаги вакилига мурожаат қилган. Шундан сўнг олиб борилган суриштирувларга кўра, жорий йилнинг сентябр-октябр ойларида Москва вилоятида рўйхатдан ўтган “Константа” МЧЖ 100 нафардан ортиқ ўзбекистонликни Свердловск вилоятидаги йирик товуқ етиштириш хўжалигига олиб келгани аниқланган.
Мигрантлар Россияда вақтинча бўлиш ва ишлаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар билан расмийлаштирилмасдан ишга жалб этилган. Фуқаролик паспортлари тортиб олинган ушбу шахсларга 2 ой давомида маошлари берилмаган.
Ўзбекистонлик расмийлар билан ўтказилган музокаралардан сўнг корхона раҳбарияти фуқароларнинг паспортлари қайтариб берган. 53 нафар ўзбекистонлик Ташқи меҳнат миграция агентлигининг кўмагида Ўзбекистонга етказилган. Қолганлар эса Екатеринбург, Москва ва бошқа шаҳарларида қонуний тарзда ўз фаолиятларини давом эттириш истакларини билдирган. «Дунё» ахборот агентлиги тарқатган хабарда ўзбекистонлик муҳожирларнинг икки ойлик иш ҳақи ундирилганига оид маълумот келтирилмаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter