Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

38 ёшли «Доктор Франкенштейн»нинг ўлимига нима сабаб бўлди?

38 ёшли «Доктор Франкенштейн»нинг ўлимига нима сабаб бўлди?

Фото: «Balkans.kp.ru»

Махсус маълумотга эга бўлмасдан пластик жарроҳ бўлиб ишлаган, ОАВда «Доктор Франкенштейн» дея аталган 38 ёшли Алёна Вердининг ўлимига инсульт сабаб бўлди, дея хабар берди «Комсомольская правда».

Нашрнинг ёзишича, ўлимидан кейинги текширув аёлда гематомали инсульт, миянинг жиддий зарарланишини аниқлади. Верди шифохонага ётқизилишидан олдин алкоголь ва гиёҳванд моддалар таъсирида бўлган.

Нашр манбасининг маълум қилишича, аёл оғир аҳволда шифохонага олиб келинган. Организмига кўп миқдорда инсулин тушиб, гипогликемик комага олиб келган ва бош мияси тикланмас даражада зарарланган. Ҳатто, Верди комадан чиққан тақдирда ҳам, ногирон бўлиб қолиши мумкин эди.

Алёна Верди 15 июнь куни Краснодар клиникасида вафот этди. 1 июнь куни кома ҳолатида реанимацияга олиб боришган. Тергов хулосаларига кўра, ўз жонига қасд қилиш аёлнинг ўлимига сабаб бўлган. Бироқ бошқа тахминлар ҳам ўрганиляпти.

2015 йил мартдан 2017 йил октябргача Верди Краснодардаги ўзининг уйи ва хусусий тиббий клиникасида пластик операцияларни амалга оширган. Унинг ҳаракатлари натижасида етти нафар бемор бадбашара бўлиб қолган.

Унга Россия Федерация Жиноят кодексининг 238-моддаси 2-қисмининг «в» банди (истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиги хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган тиббий хизматлар кўрсатиш, саломатликка жиддий зарар етказиш) билан айблов эълон қилинган. 4 июнь куни Верди устидан суд жараёни бошланиши режалаштирилганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг