Алмазбек Атамбаев сиртдан 11,5 йил қамоққа ҳукм этилди

Қирғизистон суди республиканинг собиқ президенти Алмазбек Атамбаевни мол-мулки мусодара қилинган ҳолда сиртдан 11,5 йилга озодликдан маҳрум қилди.
У бирданига битта процессга бирлаштирилган учта жиноий иш бўйича айбдор деб топилди.
Атамбаев ноқонуний бойиш, ер участкаларини эгаллаб олиш ва 2019 йил Қўй-Тош қишлоғидаги оммавий тартибсизликларни уюштиришда айбланган.
Шунингдек, судья Азирет Медеров Атамбаев ва собиқ бош вазир ўринбосари Асқарбек Шодиевга давлатга 5,4 миллиард сом тўлаш мажбуриятини юклади. Шодиевнинг ўзи мол-мулки мусодара қилинган ҳолда 15,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Озодликка чиққанидан кейин у уч йил давомида давлат лавозимларида ишлай олмайди.
Яна бир қатор айбланувчиларга ҳам қамоқ жазоси берилди: Фарид Ниёзов ва Равшан Жээнбеков - 7 йилу 8 ойга қамалди. Собиқ президентнинг қўриқчиси Қанат Сағимбоев 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, бироқ у 5 йиллик синов муддати билан жазодан озод этилди.
Суд ҳукми билан айбланувчиларнинг бир қисмига нисбатан синов муддати белгиланди, айрим судланувчилар даъво муддати ўтганлиги муносабати билан жазодан озод этилди.
Шу тариқа суд Қирғизистонда 2019 йил ёзида Атамбаевни Қўй-Тош қишлоғидаги қароргоҳида ҳибсга олишга уринишдан кейин бошланган сўнгги йиллардаги энг шов-шувли суд жараёнларидан бирига нуқта қўйди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter