Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Amnesty International хатарли тенденция ҳақида бонг урди

Amnesty International хатарли тенденция ҳақида бонг урди

2024 йилда дунё бўйлаб 1518 та қатл амалга оширилди. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти бу 2015 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич эканига эътибор қаратган. Халқаро ташкилот ўлим жазоси ижроси билан боғлиқ рақамлар бундан ҳам кўп экани, чунки айрим давлатлар статистикани ошкор этмаслигини таъкидлаган.  

Amnesty International ҳисоботига кўра, 2024 йилда ижро этилган ўлим ҳукмларининг 91 фоизи Эрон, Саудия Арабистони ва Ироққа тўғри келади. Эронда йил давомида камида 972 киши (2023 йилда 853 киши) қатл этилган.

Саудия Арабистонида 345, Ироқда эса 63 киши ўлим жазосига мустаҳиқ этилган.

Халқаро ташкилот экспертлари фикрича, Хитойда ҳам ҳар йили минглаб ўлим ҳукми чиқарилиб, ижро этилади. Аммо Хитойда ўлим ҳукмига оид рақамлар давлат сири сифатида қўриқланади. Пекин ҳукумати коррупция, гиёҳвандлик моддалари савдоси каби жиноятлар учун ўлим жазосини татбиқ этиб келади.

Вьетнам ва Шимолий Кореяда ҳам ўлим ҳукми кенг қўлланиши, аммо ушбу икки давлат ҳукумати ҳам реал рақамларни ошкор этмаслиги айтилади.

Ғарб демократик давлатлари орасида АҚШда ҳалигача ўлим жазоси ижро этилмоқда. Қўшма Штатларда 2024 йилда 25 киши қатл этилган, аммо  Amnesty International буни ҳам хавотирли тенденция деб ҳисоблайди. Қолаверса, 2024 йилдан Жанубий Каролина, Жоржия, Юта ва Индиана штатларида қатллар қайта йўлга қўйилди. Алабама штатида ўлим жазоси азотдан фойдаланган ҳолда амалга оширилаётгани ҳам танқидий баҳоланмоқда.

Европа давлатлари орасида биргина Беларусда ўлим ҳукми ижро этилади. Россияда ўлим ҳукми бекор қилинмаган, аммо унга мораторий эълон қилинган. Россия амалдорлари ўлим ҳукмини қайта йўлга қўйиш кераклиги ҳақида баёнотлар бериб туради.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2008 йил 1 январдан жиноий жазо тури сифатида ўлим жазоси бекор қилинган. Унинг ўрнига умрбод ёки узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси жорий этилган.

Жиноят кодексида икки модда: жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш (97-модданинг иккинчи қисми) ва терроризм (155-модданинг учинчи қисми) учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Аввал хабар берганимиздек, ўтган йили “Миллий тикланиш” партияси раҳбари Алишер Қодиров Тошкент шаҳри Яшнобод туманида содир бўлган ваҳший қотиллик ортидан ўлим жазосини тиклашни таклиф қилган эди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Одилжон Тожиев ушбу таклифга кескин эътироз билдириб, “ўлим жазосини тиклаш керак деганларга Конституция китобини совға қилиш”ни маслаҳат берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 1 майдан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституцияси 25-моддасида ўлим жазоси тақиқланиши алоҳида қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам аввалроқ “яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этгани”ни таъкидлаб, мамлакат ушбу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигини айтганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг