Ақлнинг беш бурилиши: мия ҳаёт давомида қандай ўзгаради?
Кембридж университети олимлари минглаб мия сканерларини таҳлил қилиб, инсон ақли ривожланишида жуда аниқ қонуниятни аниқлашди. Тадқиқотга кўра, мия бутун умр давомида бир хил ишламайди — у муайян ёш босқичларида тубдан қайта «созланади». Олимларнинг таъкидлашича, сигналларни тез узатиш учун жавобгар бўлган оқ модда фаол ривожланади, аммо қарор қабул қилиш ва ҳис-туйғуларни назорат қилувчи пешона қисм эса секин етилади. Яъни, ақлли қарор қилиш қобилияти ёш ўтиши билан аста-секин шаклланар экан.
Масалан чақалоқ туғилгандан ўн ёшга тўлгунга қадар унинг миясини “қурилиш” майдонига қиёслаш мумкин экан. Яъни ҳаётнинг биринчи ўн йили мия келажакдаги билим, ҳис-туйғу ва ҳаракатлар учун пойдевор қўяди. Бу — чекланмаган имкониятлар даври: мия ҳайкалтарош каби нафақат янги алоқаларни ясайди, балки кераксизларини аямасдан “кесиб ташлайди”. Самарадорлик учун оптимал тармоқ қурилади. Тахминан тўққиз ёшга келиб, шахс ва интеллектнинг асосий қиёфаси шаклланиб бўлади.
Яъни тадқиқот натижаларига кўра, миядаги асосий тузилмавий ўзгаришлар қуйидаги ёш чегараларида рўй беради:
Инқилоб ва созлаш даври (тахминан 9 ёшдан 32 ёшгача)
Тўққиз ёшдан бошлаб мияда узоқ ва шовқинли инқилоб бошланади. Гормонал ва тузилмавий қайта қурилиш авж олади — катталар ҳаётига тайёргарлик кетмоқда. Сигналларни тез узатиш учун масъул оқ модда фаол ривожланади, аммо қарор қабул қилиш ва импульсларни назорат қилувчи пешона қисми энг охирида етилади. Ўсмирликдаги хавфга мойиллик ва ҳиссиётлар бўрони айнан шу билан изоҳланади.
Бу давр — икки томонлама қилич: айнан шу пайтда хавотир ва депрессия илк бор бош кўтариши мумкин, бироқ шу билан бирга мия ўз самарадорлигининг чўққисига ҳам чиқади. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бу “шаклланиш” даври биз ўйлагандан анча узоқ давом этиб, фақат 32 ёшларга келиб якунланар экан.
Чўққи ва пастга йўл олиш (32 ёшдан 66 ёшгача)
32 ёш — мия тараққиётининг авжи. Нейрон тармоқлар пухта созланган, интеллект ва шахс тўлиқ шаклланган бўлади. Кейинги уч ўн йиллик нисбатан барқарор давр, аммо алоқалар аста-секин “соддалаша” бошлайди. Бу табиий қариш ёки йиллар давомида йиғилган стресс билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу — кейинги ўзгаришлар босқичи олдидан келадиган узоқ барқарор ҳолат.
Катта қайта юкланиш ва донолик (66 ёшдан кейин)
Тахминан 66 ёшда мия янги, ҳал қилувчи босқичга қадам қўяди. Ўсмирликда бўлгани каби, у янада нозик ва таъсирчан бўлиб қолади. Нейрон тармоқлар сийраклашади, бўлимлар ўртасидаги мувофиқлик сусайиши мумкин, бу эса когнитив пасайиш хавфини оширади.
Лекин бу ҳикоянинг охири эмас. Мия ҳайратланарли мослашувчанликни намоён қилади: у йўқотишларни қоплашни ўрганади, заиф сигналларни кучайтиради ва ақлий фаолликка жавобан янги боғланишлар ҳосил қилади. Фаол ўқиш, ижтимоий мулоқот ва соғлом турмуш тарзи — ақл равшанлигини сақлаш учун энг яхши “машқлар”.
Чуқур ва сокин куз (83 ёшдан кейин)
83 ёшдан кейин мия архитектурасидаги ўзгаришлар янада яққол кўрина бошлайди. Аммо замонавий фан бу ерда ҳам умид учун асос топади. Нейропластиклик — кучсизроқ бўлса-да сақланиб қолади. Мия охиригача курашади, чунки ўзгариш ва ривожланиш унга бутун умрга хос вазифадир.
***
Ҳаёт секин-аста сўниб бориш эмас, балки сифатли сакрашлар занжиридир. Миянинг бу “ёш чегаралари”ни билган ҳолда, биз ўзимизни ва яқинларимизни яхшироқ тушунамиз: ўсмирга сабрли бўламиз, етук ёшдаги куч-қувватни қадрлаймиз, қариликда мия соғлиғини онгли равишда қўллаб-қувватлаймиз. Мия ўзгаради — демак, биз ҳам ўзгаришда давом этамиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter