Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Европа давлатларини Россия активларини Украинага бермасликка чақиряпти

АҚШ Европа давлатларини Россия активларини Украинага бермасликка чақиряпти

Bloomberg агентлигининг хабар қилишича, АҚШ бир нечта Европа Иттифоқи мамлакатларини Украинага ёрдам кўрсатиш учун Европада музлатилган Россия активларини ишлатиш режасини қўллаб-қувватламасликка чақирган. Бу ҳақда агентликка бир неча европалик дипломатлар маълум қилган.

Вашингтоннинг фикрича, бу қадам Россиянинг Украина бўйича тинч музокараларга тайёрлигини пасайтириши ҳамда Кремл билан дипломатик мулоқот имкониятларини яна ҳам қийинлаштириши мумкин.

Шунингдек, музлатилган активларни профессионал сақловчи Euroclear депозитарийи жойлашган Бельгия ҳам улардан фойдаланишга қарши. Чунки активларни мусодара қилиш унга катта ҳуқуқий ва молиявий хатар келтириши мумкин.

Музлатилган Россия активларидан фойдаланиш ғояси аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг расмий бўлмаган «тинчлик режаси»нинг дастлабки версиясида ҳам бўлгани айтилади.

Унга кўра, активларнинг бир қисми Украина тикланиш фондига йўналтирилиши ва фойданинг маълум қисми АҚШга ҳам ўтиб туриши керак эди. Бироқ кейинчалик Украина–АҚШ музокаралари жараёнида ҳужжат қайта ишланган.

Европа Иттифоқида Россия активларидан фойдаланиш масаласи 19 декабр куни бўлиб ўтадиган саммитда муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Октябрдаги аввалги йиғилишда Европа етакчилари бу масала бўйича бир фикрга кела олмаган эди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг