Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

АҚШ Озарбайжон ва Арманистоннинг тинчлик йўлидаги ҳаракатини «дадил қадам» деб баҳолади

АҚШ Озарбайжон ва Арманистоннинг тинчлик йўлидаги ҳаракатини «дадил қадам» деб баҳолади

7 ноябрь куни Вашингтонда Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари – Жайҳун Байрамов ҳамда Арарат Мирзоян учрашди. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен иштирокида уч томонлама музокара ҳам ўтказилди.

Озарбайжон ТИВ хабарига кўра, вазирлар учрашувида тинчлик битимига эришиш учун ўзаро ҳал этилиши керак бўлган бир қатор масалалар мавжудлиги қайд этилган.

Айни чоқда, томонлар Озарбайжон ҳамда Арманистон раҳбарларининг жорий йил октябрь ойида Прага ва Сочидаги учрашувларда зиммасига олган мажбуриятларни бажаришга содиқ экани таъкидланган.

Озарбайжон ТИВ арманистонлик ҳамкасбини тинчлик жараёнини издан чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақирган. Ўз навбатида, расмий Ереван ҳам тинчлик битими борасидаги позициясини маълум қилган. Икки давлат бош дипломатлари яқин ҳафталарда яна учрашишга келишган.

Музокара мезбони – АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Озарбайжон ҳамда Арманистон тинчликка эришиш учун дадил қадамлар ташлаётганини қайд этган. Бу эса нафақат Жанубий Кавказ келажаги, минтақа ва дунё барқарорлиги учун ҳам муҳимдир.

«Бевосита мулоқот – мустаҳкам тинчликка эришишнинг энг мақбул йўли. Биз бу жараённи қўллаб-қувватлашдан мамнунми», – деган Э.Блинкен.

Давлат котибига кўра, 1991 йилда икки мамлакатнинг мустақилликка эришгани муҳим ҳодиса саналади; Қўшма Штатлар ҳар икки томоннинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини дастаклайди.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 31 октябрь куни Сочи шаҳрида Россия президенти Владимир Путин воситачилигида Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян учрашуви бўлиб ўтди. Уч томонлама музокара якунида Жанубий Кавказда куч ишлатишдан тийилишга келишилган.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон президенти И.Алиев Арманистон бош вазири Н.Пашинян билан Европа кенгаши раиси Ш.Мишель воситачилигида ҳам музокара ўтказиб келмоқда. Тинчлик битими имзолашга қаратилган учрашувларнинг сўнггиси жорий йил 31 август куни Бельгия пойтахти Брюсселда бўлиб ўтган.

Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрда бошланган 44 кунлик уруш якунида Озарбайжон ишғол остида бўлган ерларини қайтариб олди. 2020 йил 10 ноябрда имзоланган уч томонлама битимга кўра Арманистон ўз қуролли кучларини минтақадан олиб чиқиш мажбуриятини олди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг