АҚШ сенатори Ғазога атом бомбаси ташлашни таклиф қилди
АҚШ Конгрессининг юқори палатаси Суд тизими қўмитаси раиси Линдси Грэм Фаластин ҳудудига атом бомбаси ташлаш орқали Ғазо секторида давом этаётган урушга якун ясашни таклиф қилди.
Сенатор Грэм ўта масъулиятсиз таклифни 12 май куни NBC News телеканали орқали эфирга узатилган «Meet the Press» дастурида илгари сурган.
Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши якунида, 1945 йилнинг август ойида АҚШ Қуролли кучлари Япониянинг Хиросима ва Нагасаки шаҳарларига атом бомбаси ёғдирган эди. Бу инсоният тарихида ядро қуроли жанговар мақсадда қўлланган ягона ҳолат саналади.
Сенатор Грэм Япония ҳудудига ядро қуроли билан ҳамла қилинганини оқлар экан, Исроил ҳам худди шундай йўл тутиши кераклигини уқтирган.
«Немислар ва японлар билан жанг қилаётганимизда, Пёрл Ҳарбор вайрон этилгач, биз миллат сифатида урушга хотима ясаш учун Хиросима ва Нагасакига ядро қуроли орқали зарба берган эдик. Бу тўғри қарор бўлганди. (Ғазода) урушни тугатиши учун Исроилга ҳам зарур бўлган бомбаларни берайлик. Улар (исроилликлар) мағлуб бўлишига йўл қўйиб бўлмайди», – деган Республикачилар партиясига мансуб сиёсатчи.
На халқаро ҳуқуқ, на инсонийликка тўғри келадиган ушбу таклиф юзасидан АҚШ расмий идоралари ҳозирча изоҳ бермаган.
2,3 миллион аҳоли яшайдиган мўъжазгина Ғазо секторига атом бомбаси ташланиши даҳшатли оқибатларга олиб келиши сир эмас. Қолаверса, халқаро ташкилотлар айни пайтда Ғазо аҳолиси ҳаётига бир томондан Исроил бомбардимони, иккинчи томондан, очлик, ташналик ва юқумли хасталиклар хавф солиб тургани ҳақида бонг урмоқда.
Исроилпарастлиги билан танилган 68 ёшли сенатор Линдси Грэм 2023 йил 7 октябрь куни Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати ўртасида бошланган урушни «диний уруш» деб атаган ва Ғазони «ер билан битта қилиш» лозимлигини айтган.
Аввалроқ Исроилнинг Қуддус ва мерос ишлари бўйича вазири Амихай Элияҳу ҳам Ғазо секторида оммавий қирғин қуроли қўллашни таклиф қилган, бу таклиф Исроилнинг халқаро гуманитар ҳуқуққа зид ҳаракатларини ташвиш билан кузатиб бораётган дунё ҳамжамиятини янада кучли хавотирга солган эди.
Маълумот ўрнида, Исроил ядро қуролига эга эканини очиқ тан олмайди, буни инкор ҳам этмайди. Яҳудий давлати ўнлаб, балки юзлаб ядро каллакларига эга экани айтилади.
Исроил 1950-йиллардаёқ ҳарбий атом дастурини амалга оширишга киришган. The Washington Post нашрига кўра, яҳудий давлати 1957 йилда Франция билан атом реактори қуриш ҳақида битим имзолаган.
The New York Times газетаси 1973 йилдаёқ Исроил 10 ёки 20 дона ядро каллагига эга бўлгани ҳақида ёзган.
1980-йилларда Исроил ядро дастурида қатнашган олим Мордехай Вануну мамлакатдан қочиб кетган ва инглиз матбуотига яҳудий давлатининг махфий дастури ҳақида интервью берган. Кейинроқ давлатга хиёнатда айбланиб узоқ йиллик қамоққа ҳукм қилинган олим Исроил тасарруфидаги оммавий қирғин қуроли ҳақида шов-шувли маълумотларни ошкор этган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter