АҚШ суди Раул Кастрони ҳибсга олишга ордер берди
Флорида штати судьяси Кубанинг 95 ёшли собиқ раҳбари Раул Кастрони 1996 йилда гуманитар ёрдам олиб кетаётган иккита самолётнинг уриб туширилиши сабаб ҳибсга олиш ордерини имзолади. Бу ҳақда Майамидаги NBC6 телеканали хабар берди.
«Биродарларни қутқариш» нотижорат ташкилотига тегишли иккита Cessna 337 енгил самолёти 1996 йил февраль ойида Куба ҳаво кучлари томонидан Флорида кўрфази устида уриб туширилган. Улар Қўшма Штатларга етиб боришга уринаётган кубалик қочқинларни қидириш ва қутқариш операциясида иштирок этган.
Тўрт киши ҳалок бўлган - учта АҚШ фуқароси ва Қўшма Штатларда доимий яшаш ҳуқуқига эга бўлган битта кубалик фуқаро.
АҚШ маълумотларига кўра, самолётлар халқаро сувлар устида уриб туширилган. Куба расмийлари самолётлар уларнинг ҳаво ҳудудини бузганини даъво қилишди. Воқеа содир бўлган пайтда Мудофаа вазири бўлиб ишлаган Раул Кастро ва яна беш киши Қўшма Штатларда қотиллик, иккита самолётни уриб тушириш ва Америка фуқароларини ўлдиришга тил бириктиришда расман айбланган.
Телеканал маълумотларига кўра, Флорида бош прокурори Жеймс Утмейер 19 октябрь куни иш бўйича воқеалар ривожи ҳақида ҳисобот бериш учун матбуот анжумани ўтказишни режалаштирмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter