АҚШда юзлаб Boeing самолётлари текширувдан ўтказилади
АҚШда юзлаб Boeing 737 MAX самолётлари текширувдан ўтказилади.
АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) самолёт корпусида юзага келиши мумкин бўлган ёриқлар сабабли юзлаб Boeing 737 MAX русумли самолётларни текширишни талаб қилди. Идора аниқланмай қолган шикастланишлар самолётнинг конструкциявий мустаҳкамлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Эълон қилинган парвозга яроқлилик рамий талаби АҚШда рўйхатдан ўтган тахминан 471 та Boeing 737 MAX 8, MAX 9 ва MAX 8-200 русумли самолётга тааллуқли.
Федерал авиация маъмуриятининг маълум қилишича, ёриқлар самолётнинг ўнг томонида, олд ошхона ёнида жойлашган олд сервис эшиги атрофидаги конструкцияни мустаҳкамловчи қисмида аниқланган.
Ҳаво компаниялари ҳар бир самолётнинг эксплуатация муддатига қараб белгиланган жадвал асосида ушбу ҳудудни текшириши ҳамда аниқланган ёриқлар бартараф этилмагунча самолётни қайта парвозга чиқармаслиги лозим. Boeing компанияси баёнотида ёриқлар келиб чиқиш сабабларини аниқлаш учун муҳандислик таҳлиллари олиб борилаётгани, келгусида бундай муаммоларнинг олдини олиш мақсадида конструкцияга ўзгартишлар киритиш устида ишланаётгани маълум қилинди. Федерал авиация маъмурияти таъкидлашича, белгиланган текширув муддатлари ёриқларни самолёт конструкциясига хавф етказишидан олдин аниқлаш имконини беради. Шу сабабли самолётларни эксплуатациядан чиқариш зарурати йўқ. Мазкур расмий талаб 10 сентябрдан кучга киради.
Boeing самолётларида бундай муаммолар аввал ҳам кузатилган.
Компания аввал ҳам Boeing 737 оиласига мансуб самолётларда конструкцияда ёриқлар билан боғлиқ муаммоларга дуч келган. 2019 йилда самолёт корпусини қанотларга улаб турувчи қисмда ёриқлар аниқлангач, айрим Boeing 737-700, 737-800 ва 737-900 самолётлари учун ҳам мажбурий текширувлар белгиланган эди. Boeing баёнотида: «Бу муаммо 737 MAX самолётларида кузатилмаган. Бироқ уларнинг конструкцияси ва ишлаб чиқариш жараёни ўхшаш бўлгани учун текширувлар 737 MAX самолётларига ҳам кенгайтирилди. Биз ҳар икки расмий талабни қўллаб-қувватлаймиз ва авиакомпанияларимизга ёрдам беришда давом этамиз», – дейилган.
Федерал авиация маъмурияти (FAA) ўтган ой ҳам нотўғри ўрнатилган бўлиши мумкинлиги сабабли 453 та Boeing 737 MAX самолётида ўриндиқларни маҳкамлаш тизимини текширишни назарда тутувчи яна бир парвозга яроқлилик талаби лойиҳасини тақдим этган эди. Самолёт ишлаб чиқарувчиси 2024 йил январь ойида Alaska Airlines авиакомпаниясига тегишли самолётда эшик панелининг парвоз вақтида узилиб кетиши ортидан кучайтирилган назорат остида турибди.
АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши ўтказган текширув натижаларига кўра, эшик панелини маҳкамлаб туриши керак бўлган тўртта маҳкамлагич болт самолёт авиакомпанияга топширилган вақтда ўрнатилмагани аниқланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter