Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Байден: АҚШ тез орада электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчисига айланади

Байден: АҚШ тез орада электромобиллар ишлаб чиқариш бўйича жаҳон етакчисига айланади

Фото: «News7days.ru»

Президент инфратузилма пакетини қўллаб-қувватлаш мақсадида мамлакат бўйлаб сафари доирасида Детройтдаги GM электромобиль заводига ташриф буюрди.

Шу ҳафта бошида Президент Байден томонидан имзоланган 1 триллион долларлик инфратузилма қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаш учун умуммиллий саёҳат доирасида Мичиганнинг энг йирик шаҳри бўлган Детройтдаги GM компанияси заводида «Ҳаммер» электр йўл танламас автомобилини шахсан синовдан ўтказди.

Қонунда электр транспорт воситаларини қувватлантириш станцияларининг миллий тармоғини қуриш учун 7,5 миллиард АҚШ доллари ажратилиши кўзда тутилган. Бундай сармоялар, соҳа вакилларининг фикрига кўра, америкаликларни электромобиллар сотиб олишга илҳомлантиради, шунингдек, экологик тоза автомобиллар ишлаб чиқаришни кўпайтиришга ёрдам беради. 2020 йилда электромобиллар АҚШнинг янги автомобиль бозорининг атиги 1,8 фоизини ташкил этди.

Автомобиль заводига ташрифи чоғида Президент Байден Детройтдаги «Катта учлик» автомобил ишлаб чиқарувчиларини, хусусан, GMни эътироф этиб, унинг электромобиллар ишлаб чиқаришдаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.

Президент АҚШда электромобиллар сотувининг қарийб 80 фоизини ташкил этувчи «Тесла» компанияси ҳақида гапирмади ва шу билан бирга унинг эгаси Илон Маск «Тесла» ходимларига касаба уюшмасини тузишга рухсат беришдан бош тортди.

«21-асрнинг бир қисмини биз дунёни сезиларли фарқ билан бошқардик, чунки биз халқимизга инвестициялар киритдик. Аммо бу йўлда нимадир нотўғри кетди. Ҳозиргача Хитой бу пойгада етакчилик қилмоқда. Бу тез орада ўзгаради, чунки келаси йили ушбу қонун туфайли 20 йил ичида биринчи марта АҚШ инфратузилмасида инвестициялар Хитойга қараганда анча кўп бўлади», – деди Байден.

Байден, шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва иқлим ўзгаришига қарши курашга таъсир қилувчи яна бир йирик сармоявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашини яна бир бор таъкидлади. Тахминан 2 триллион долларлик қонун лойиҳаси Конгрессда муҳокама қилинмоқда.

Байденнинг таъкидлашича, «Бундан яхшироқ қайта қуриш» режасининг харажатлари корпоратив солиқларни ошириш орқали тўланади. GM бош директори Мери Барра билан суҳбатда президент йирик компаниялар кўпроқ солиқ тўлаши кераклигини айтди.

Мафтуна Аъзамжонова,

халқаро журналист

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг