Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бир кило чой 15,5 минг долларга сотилди

Бир кило чой 15,5 минг долларга сотилди

Бу хас эмас, 15,5 минг долларлик чой.

Фото: «Kyodo»

Япониянинг Сидзуока шаҳрида қўлда ўралган чойнинг бир килоси 1,96 млн иена ёки 15,5 минг долларга барака бўлди — бунақа кимошди савдолари тарихида бу рекорд кўрсаткич, деб ёзди «Kyodo».

«Биз яхши ранг ва шаклдаги чойни қўлга киритдик», — деди 35 ёшли улгуржи савдогар Нацуки Вада.

18 апрель кунги савдолар бошланган тонгда Сидзуокада янги ҳосил чойининг бир килограми ўртача 5 минг иенадан ($40 атрофида) сотилган.

Чой саноатининг қамрови ва даромадгирлиги модалар олами ёки алкогол ичимликлар саноатидан ошса-ошадики, асло кам эмас. Чой кимошди савдо бозорлари дунёда кўп, энг яхши чойни синчилар — титестерлар текшириб беришади. Чой баргларининг ташқи кўриниши, хушбўйлиги, ўрами, бир текислиги ва ҳоказо белгиларини ҳисобга олишади.

Чой кимошди бозорларининг энг обрўлиси Гуанчжоу ва Гонконгда. Бир кафт чой бир неча минг долларгача чиқиб кетиши ҳеч гапмас. «Чойлар шоҳи» эса Хитойнинг «Да Хун Пао» нави ҳисобланади, уни минг йиллик она буталардан териб келишади, ҳозир бунақа кўҳна буталар жуда оз қолган.

2005 йилда ана шу чойнинг 20 грами ўта қимматга — 208 минг юанга баҳоланган (ҳозирги курсда ҳисоблаганда ҳам 32 минг доллардан ошади!). Бошқа аукционларда сотилаётган худди шу навли чой унча қиммат юрмайди, чунки сунъий равишда етиштирилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг