Бразилия президентини кўчада овқатланишга мажбур қилишди
БМТ Бош ассамблеясида (ГA) иштирок этиш учун Нью-Йоркка етиб келган Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг шаҳар ресторанига киришга рухсат берилмади. Бу ҳақда Reuters хабар бермоқда.
Шаҳардаги амалдаги санитария қоидаларига мувофиқ, ёпиқ жойларга, шу жумладан, овқатланиш муассасаларига ташриф буюриш учун COVID-19 га қарши эмланганликни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим этиши керак. Шунга кўра, вакцина олмаган Бразилия раҳбари кўчада овқатланишга мажбур бўлди. Унга соғлиқни сақлаш вазири Марсело Кейрога, туризм вазири Жилсон Мачаду Нето ҳамда бошқа сиёсатчилар ҳамроҳлик қилишди. Болсонару эмланмаганини иммун тизими коронавирусга қарши тура оладиган даражада кучли эканлиги билан изоҳлаган.
Қайд этилишича, делегатларнинг БМТ Бош ассамблеяси залига кириши учун эмлашни тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинмайди. Шунга қарамай, Нью-Йорк мэри Билл де Блазио аввалроқ дунё раҳбарларидан шаҳарга келишидан олдин эмланишларини сўраган.
Жаир Болсонару мамлакатдаги COVID-19 эпидемиясига қарши сиёсати билан танилди. Давлат раҳбари бир неча марта коронавирус хавфини паст баҳолаб, унинг гриппдан фарқи йўқлигини айтган. Бундан ташқари, у штат губернаторларини карантин чораларини енгиллаштиришга чақирган. Ҳатто президент шифохонадан чиққанига кўп бўлишига қарамай, журналистлар билан гаплашишдан олдин ниқобини ечиб ташлаган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter