Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бугун Халқаро хайрия куни: одамийлик синови

Бугун Халқаро хайрия куни: одамийлик синови

фото: iStockPhoto.com

Ҳар йили 5 сентябрь бутун дунёда Халқаро хайрия куни сифатида нишонланади. Бу сана бежиз танланмаган: у бутун умрини муҳтожларга ёрдам беришга бағишлаган буюк инсон – Тереза онанинг вафоти кунига тўғри келади. Тереза она 1979 йилда Тинчлик учун Нобел мукофоти билан тақдирланган, унинг қашшоқликка қарши кураш ва инсоният азоб-уқубатларини енгиллаштиришдаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари эътироф этилган.

Тереза онанинг ушбу фикри эндиликда шиорга айланган: «Биз барча учун катта яхшиликлар қила олмаймиз, аммо биз кичик ишлар орқали катта муҳаббат кўрсата оламиз.»

Нега бу кун муҳим?

Ушбу махсус куннинг мақсади ижтимоий масъулият ҳақида хабардорликни ошириш, хайрия тадбирларини рағбатлантириш ва қашшоқлик, очлик, таълим, фаровонлик каби муаммоларни ҳал қилиш учун бутун дунё бўйлаб жамоаларни бирлаштиришдир. Бу кун, шунингдек, кичик эзгу ҳаракатлар ҳам жамиятга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкинлигини эслатиб туради.

Хайрия бу фақат моддий ёрдам эмас. Инсон ўз вақти, билими, меҳри ёки тажрибасини ҳам хайрия қилиши мумкин. Келажакда бу кичик ёрдамлар катта амалий таъсир кўрсатади. Масалан бирор болага китоб совға қилиш, кексаларнинг юкини енгиллатиш ёки уйсиз ҳайвонга меҳр кўрсатиш ҳам чинакам хайриядир.

Бу кун бизга нималарни эслатади?

Ҳаммамизда бериш мумкин бўлган нарсаларимиз бор. Тўғри ёрдам кичик бўлиши мумкин, лекин унинг таъсири беқиёс. Лоақал бугун сиз бир инсонни яхши сўзингиз билан ҳам хурсанд қила оласиз. Бу кун бизга янада меҳрга сахийроқ бўлишимизни эслатади. Қолаверса жамиятнинг инсоний қиёфаси хайрия ишлари орқали кўринади.

Бешинчи сентябрнинг аҳамияти нимада?

Хайрияни йилнинг ҳар қандай кунида амалга ошириш мумкин. Аммо 5 сентябрда унинг кўлами одатдагидан ҳам кенгроқ бўлади. Чунки 2012 йил БМТ томонидан 5 сентябрь Халқаро хария куни деб расман эълон қилингани сабаб, дунёдаги кўплаб давлатлар, ташкилотлар ва ҳатто бизнес компаниялар ҳам махсус акциялар, марафонлар ва хайрия тадбирлари ўтказишади. Шу куни жамоатчилик эътибори айнан саховат ва ёрдамга қаратилгани учун хайриянинг таъсири ҳам кўпроқ сезилади.

Дунё ва биз

Европада бу кунда марафонлар ва акциялар ўтказилади, АҚШда эса кўнгиллилар жамоавий хайрия тадбирларига чиқишади. Бизда бу кун нишонланмаса-да, лекин Рамазон ва Қурбон ҳайитида ҳар доимгидан кўпроқ одамларга меҳр-мурувват кўрсатилади, хайрия акцяилари ташкил қилинади. Демак, бугунги кун ҳам бағрикенглигимизни ифодалаш учун яна бир сабаб бўла олади.

Таъсирчан воқеалар

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ҳисоб-китобларига кўра, глобал хайриялар йилига қарийб 2,7 триллион долларни ташкил қилади.

Масалан 2004 йилги Индонезия цунамидан кейин дунё бўйлаб миллиардлаб доллар йиғилди, юз минглаб кўнгиллилар қурбонлар ва тирик қолганларга ёрдамга отланди. Бу ҳамжиҳатликнинг тарихда қолган энг йирик мисолларидан бири.

COVID-19 пандемияси даврида минглаб инсонлар кўнгилли сифатида шифохоналарда ишлади, кимдир ниқоб тикиб тарқатди, кимдир озиқ-овқат етказиб берди. Бу давр одамийликнинг ҳақиқий синови бўлди.

Ўзбекистонда эса 2020 йилги Сардоба фожиаси пайтида бутун юрт аҳолиси бир тану бир жон бўлиб, хонадонларидан айрилганларга уй-жой ва озиқ-овқат етказиб беришди. Бу халқимиздаги бағрикенгликнинг чин исботи эди.

Хайрияда етакчи мамлакатлар

Дунёда энг саховатли мамлакатлар статистикасида йилдан-йилга ўзгариш бўлади, аммо Жаҳон хайрия индекси 2024 йил маълумотларига кўра: бир неча йилдан буён Индонезия дунёда энг кўп хайрия қиладиган давлат сифатида биринчи ўринни эгаллаб келмоқда. Мьянма, Кения, Сингапур ҳам кўнгиллилик ва хайрия даражаси юқори бўлган мамлакатлар сифатида қайд этилган. Яна АҚШ, Австралия, Канада энг кўп хайрия қиладиган мамлакатлар қаторида.

Қизиғи шундаки, бу давлатларнинг баъзилари иқтисодий жиҳатдан жуда бой эмас. Демак, хайриянинг асоси сахийлик, моддий имконият эмас.

Сиз қандай иштирок этишингиз мумкин?

Масалан ўқитувчи бўлсангиз ўқув даргоҳларида ушбу куннинг аҳамиятини ёшларга тушунтиришингиз мумкин. Халқаро хайрия кунини нишонлаш ўқувчилар ўртасида ҳамдардлик, саховат ва бирдамлик каби асосий қадриятларни сингдиришга ёрдам беради. Хайрия лойиҳаларида иштирок этиш орқали ёшлар ижтимоий фаровонлик, фаол фуқаролик позицияси ва ижобий таъсир кўрсатиш муҳимлигини ўрганади. Хайрия мавзуси бўйича иншолар танловини ўтказиш ҳам мақсадга мувофиқ. Ҳафта давомида «тасодифий хайрихоҳлик»ка қаратилган синф лойиҳаларини бошланг.

Меҳрибонлик уйлари, бошпаналар, рак билан касал бўлган болалар хосписларига ташриф буюринг ёки фарзандларингиз билан ҳайвонларни парвариш қилиш ташкилотлари учун хайрия акциясини ташкил қилинг.

Кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш учун жамоат марказларида, кутубхоналарда китоб ёки озиқ-овқат тарқатиш орқали кўнгилли вақт ўтказинг.

Сахийликнинг аҳамияти ҳақида қўлланмалар ва маълумот берувчи материалларни яратинг ва тарқатинг.

16 сентябрь Бутунжаҳон озон куни учун экологик хайрия тадбирларини режалаштиринг.

Бу шунчаки сана эмас...

Хуллас, Халқаро хайрия куни тақвимдаги санадан кўра муҳимроқ – ушбу куннинг мақсади барча инсониятни меҳр-оқибатли ва адолатли дунёни қуришга ёрдам бериш учун ҳаракатга чақиришдир. Бугун инсонни эзгуликка чорлайдиган энг муҳим кун бир-биримизга бефарқ бўлмасликни ёдга солади. Чунки ҳар бир кичик ташаббус жамиятимиздаги янада катта ижобий ўзгаришларга ҳисса қўшиши мумкин.  

Яна бу кун  инсонпарварликнинг энг юксак  чўққисини белгилайди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг