Чехияда 3 минг йиллик бронза қилич топилди
Чехиянинг Рихнов-над-Кнежноу шаҳри яқинида ишқибоз археолог 3 минг йиллик бронза қилични топиб олди. Бу ҳақда «Regnum» хабар берган.
Аввал бу жойда қазилма ишлари олиб борилган. «TV Nova» телеканали журналистларининг маълум қилишича, қилични топган одам профессионал бўлмаган ва топилмасининг нақадар қийматга эгалигини тушунмаган. Бироқ у музей ходими бўлган дўстига бу ҳақда мақтанган. Шу тариқа қилич олимларнинг қўлига бориб тушган.
Улар буюмнинг бронза даврига тааллуқли эканлигини аниқлашди. Археологлар ўша жойда қидирув ишларини олиб боришгач, найза учи ва бошқа артефактларни топишган.
Маълум бўлишича, қиличнинг сопи сақланиб қолмаган, бироқ тиғининг ўзи ўткирлигича қолган. Қадимги топилманинг бу даражада яхши сақланиши эгаси уни атайлаб кўмиб қўйганлиги билан изоҳланади. Эҳтимол, у қилични яширишга урингандир.
Артефактнинг ноёблиги таъкидланмоқда. Илгари шунга ўхшаган қилични бундан 130 йил муқаддам топишган. Бироқ у охирги топилмадан анча кейин тайёрланган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter