Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Давлат хизматчилари қамоқхонага экскурсияга олиб борилади

Давлат хизматчилари қамоқхонага экскурсияга олиб борилади

Қозоғистонда давлат хизматчилари тергов изоляторларига экскурсияга олиб борилади. Бу ҳақда  мамлакат Аксилкоррупция хизмати расмий вакили Арман Тлеукенов маълум қилган.

«Аксилкоррупция хизмати ходимлари профилактика мақсадида давлат хизматчилари учун мунтазам равишда тергов изоляторларига экскурсиялар уюштиради. Иштирокчиларга тергов хоналари, жиноятчилар сақланадиган камералар, маҳбусларнинг сайр жойлари кўрсатилади», – дейди А.Тлеукенов.

Расмий вакилга кўра, қамоқхоналарга экскурсия ташкил этишдан кўзланган мақсад давлат хизматчилари онгида коррупцияга қарши фикрни мустаҳкамлаш ва ҳалолликка ўргатишдан иборатдир. Тергов изоляторларига борган давлат мулозимлари озодликдан маҳрум этиш муассасаларида жазо ўташнинг қанчалик оғирлигини ҳис этади ва жиноятнинг оқибатларини янада аниқ тасаввур қилади.

«Бундан ташқари, профилактика тадбирлари доирасида меҳнат жамоаларини суд мажлисларига ҳам таклиф этамиз. Қайд этиш жоизки, бу каби усуллар орқали давлат хизматчиларини қўрқитиш кўзланмаган», – дейди Аксилкоррупция хизмати вакили.

Расмий мулозим Қозоғистон жиноят қонунчилигида порахўрлик, тамагирлик, умуман, коррупцияга алоқадор ҳуқуқбузарликлар учун узоқ йиллик қамоқ, мол-мулкни мусодара қилиш, ҳарбий унвон, давлат мукофотларидан, шунингдек, давлат идораларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этиш каби жазо чоралари белгиланганини эслатиб ўтган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг