Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Девор»даги қаҳва

«Девор»даги  қаҳва

Бу воқеа ёзилганига анча йиллар бўлган. Ким томонидан ёзилганини билмайман. Аммо бу воқеа ижтимоий тармоқларда жуда машҳур. Шунчалик сабоқ чиқарадиган катта воқеаки, ҳатто баъзи мамлакатларда ўқувчилар бу ҳақида ўз хулосалари билан ўртоқлашиш учун иншо ёзишади. Биз учун жуда ҳайратланарли бу эзгулик бошқа мамлакат одамлари орасида оддий ҳол...

«Мен дўстим билан ёруғликка чулғанган, атрофи сув билан ўралган қўшни шаҳар – Венециянинг таниқли қаҳвахонасига кирдим. Қаҳвадан роҳатланиб ўтирганимизда бир киши кириб, ёнимиздаги бўш столга жойлашди.

У официантни чақирди ва буюртма берди: «Икки стакан қаҳва, биттаси деворга.» Биз бу буюртмани эшитиб ҳайрон қолдик ва мижозни қизиқиш билан кузатдик.  Унга бир стакан қаҳва берилганини, лекин у иккита стакан қаҳва учун ҳақ тўлаганини кўрганимизда ҳайратимиз янада ошди. У кетиши билан официант бир варақ қоғозни деворга ёпиштирди, унга шундай ёзилганди: «Бир стакан қаҳва». Биз  қаҳвамизни ичишда давом этдик, яна икки нафар одам кириб, учта стакан қаҳва буюрди, иккитасини ўзларига, бири деворга. Улар ҳам худди шундай қилишди, икки стакан қаҳва олишдию, аммо учта стаканга пул тўлашди. Бу сафар ҳам официант худди шундай қилди – бир варақ қоғозни деворга ёпиштирди: «Бир стакан қаҳва».

Афтидан, ушбу сирли «имо-ишора» бу ерда одатий ҳол эди. Бунинг сабабини тушунмай, ҳисобни тўлаб, жўнаб кетдик.

Бир неча кундан сўнг биз яна ушбу қаҳвахонага бордик. Биз ўтирганимизда бир киши кириб келди. Бу одамнинг кийиниши қаҳвахонанинг стандартига ҳам, муҳитига ҳам мос келмасди.

Қашшоқлиги юз-кўзидан билиниб турарди. У ўтирганча официантга қараб: «девордаги қаҳвадан бир стакан», деди. Официант бу одамга ҳам худди бошқаларга мулозамат қилгандек ҳурмат ва эҳтиром билан қаҳва берди.

Эркак қаҳвани ичиб пулини тўламай кетди. Официант девордаги қоғознинг бирини олиб ахлат челагига ташлади. Буларнинг барчасини томоша қилиб, ҳайратга тушдик.

Энди биз учун ажабланарли жойи йўқ, масала жуда аниқ эди. Бу шаҳарча аҳлининг муҳтожларга кўрсатилаётган улкан эҳтироми кўзимизга ёш келтирди.

Қаҳва жамиятимизнинг эҳтиёжи ҳам эмас, биз учун ҳаётнинг зарурати ҳам эмас. Шуни таъкидлаш керакки, биз ҳар қандай неъматдан завқланаётганда, балки ўша неъматни биз каби қадрлайдиган, лекин уни олишга қурби етмайдиган одамлар ҳақида ҳам ўйлашимиз керак.

Биз официантнинг муомаласига эътибор бердик – у юзида табассум билан ёрдамга муҳтож одамларга яна бир эзгулик улашди.  

Муҳтож одам ҳақида ўйлаганингизда бу қаҳвахонада у ўзини камситилгандек ҳис қилмаслигини англайсиз. У ўзига бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда қаҳвахонага киради, унга бу қаҳвани ким бераётганини сўрамайди ва билмайди. Бунга ҳожат йўқ, у фақат деворга қарайди, ўзи учун буюртма беради, қаҳвасидан завқланади ва кетади.

Ушбу ҳикоянинг бош қаҳрамонларини эслаганимизда бу шаҳар аҳолисининг сахийлиги ва ғамхўрлигини акс эттирувчи деворни ҳам унутмаслигимиз керак.»

                                                                                           Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг