«Доғистон қалбидаги доғ». Фожиа сабаби маълум қилинди
Доғистон Республикасининг Махачқалъа шаҳридаги ёнилғи қуйиш шохобчасида рўй берган кучли портлаш сабаблари ўрганилмоқда.
Доғистон раҳбари Сергей Меликов фожиа айрим шахсларнинг очкўзлиги ва тамагирлиги сабаб рўй берганини маълум қилди.
«Автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ёнида техник хизмат кўрсатиш станцияси фаолият юритиши мумкин эмас. Техник хизмат жараёнида пайвандлаш ишлари олиб борилиши кундек равшан. Ёнилғи қуйиш шохобчасида эса тез алангаланувчи суюқлик ва газ сақланади», – дейди Доғистон раҳбари.
Россия тергов қўмитасининг дастлабки ўрганишларига қараганда, Махачқалъадаги портлаш тез ёнувчи химикатларни сақлаш қоидалари бузилгани сабабли рўй берган.
14 август куни Доғистон пойтахтидаги автосервисда ёнғин юзага келган, тилсиз ёв ёнилғи қуйиш шохобчасига ўтган, сўнг портлаш содир бўлган.
Доғистон АЁҚШлари уюшмаси раиси Юсуф Чарабураев портлаш кучи тротил эквивалентида 35 тоннага тенг бўлганини маълум қилган.
Россия тергов қўмитасининг Доғистон бўйича бошқармаси портлаш ортидан жиноий иш қўзғатган.
Сўнгги маълумотларга кўра, фожиа оқибатида 35 киши вафот этган, 80 киши жароҳатланган. 65 киши ҳамон шифохонада қолмоқда. 15 август Доғистонда мотам куни деб эълон қилинган.
Россия бош прокуратураси Доғистондаги барча ёнилғи қуйиш шохобчаларида ёнғин хавфсизлигига нечоғли риоя этилаётганини текширишни буюрган. 2014 йилдан буён минтақадаги АЁҚШларда 9 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter