Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича келишувга эриша олмади

ЕИ Россиянинг музлатилган активларидан фойдаланиш бўйича келишувга эриша олмади

Европа Иттифоқи давлатлари саммит якунларига кўра Украинага 2026–2027 йиллар учун 90 миллиард евро миқдорида кредит ажратишга келишиб олди. Ушбу молиявий ёрдам ЕИнинг умумий бюджети ҳисобидан таъминланади ва Россиянинг Ғарбда музлатилган активларидан фойдаланилмайди. Бу ҳақда Европа кенгаши раиси Антониу Кошта маълум қилди.

«Биз келишувга эришдик. Украинага 90 миллиард евро ҳажмида қўллаб-қувватлаш кўрсатиш тўғрисидаги қарор маъқулланди. Биз олган мажбуриятларимизни бажардик», — деб ёзди Кошта X ижтимоий тармоғида. 

Politico нашрига кўра, Украинага ёрдам кўрсатиш учун қўшма қарз олиш механизмида Венгрия, Словакия ва Чехия иштирок этмайди. Бу давлатлар Киевга қўшимча молиявий ёрдам ажратишга қарши чиққан.

Шу билан бирга, Россия Марказий банкининг 2022 йилда уруш бошланганидан кейин Ғарб мамлакатларида музлатилган активларидан фойдаланиш масаласида ЕИ етакчилари якдил қарорга кела олмади. Agence France-Presse манбасига кўра, узоқ муҳокамалардан сўнг бундай «репарацион кредитлар»ни жорий этиш қўшимча ҳуқуқий ва техник ишларни талаб қилиши аниқ бўлган.

Маълумотларга кўра, Россия Марказий банкининг тахминан 260 миллиард евро миқдоридаги активлари Ғарбда музлатиб қўйилган. Уларнинг катта қисми — 193 миллиард евро — Бельгиядаги Euroclear депозитарийсида сақланмоқда. Европа комиссияси ушбу активлар ҳисобидан Украинага кредит бериш, кейин эса уруш тугагач, Россия томонидан етказилган зарар қопланиши орқали қарзни ёпиш ғоясини илгари сурган эди. 

Бироқ Бельгия бу таклифга юридик хатарлар сабаб қатъий қарши чиқди. Кейинчалик Италия, Болгария ва Мальта ҳам уни қўллаб-қувватлади. Венгрия ва Словакия эса Россия активларидан фойдаланишга оид ташаббусларни аввалдан танқид қилиб келмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг