Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Энг катта сайёҳлик гуруҳи Швейцарияга келди

Энг катта сайёҳлик гуруҳи Швейцарияга келди

Фото: «Swissinfo»

MICE-саёҳат (ишбилармонлик туризми) доирасида Хитойдан 12 минг кишилик сайёҳлар гуруҳи Швейцарияга келди. Бу ҳақда «Интерфакс» агентлиги «Swissinfo» порталига асосланиб хабар бермоқда.

«Швейцарияга илк маротаба 12 минг кишилик хитойлик сайёҳлар гуруҳи келиши. Саёҳат ташкилотчиси — АҚШнинг саломатлик ва гўзаллик товарлари сотувчи «Jeunesse Global» компанияси Хитойдаги ана шунча ходимини шу йўл билан рағбатлантиришга қарор қилди», — ёзади портал.

MICE (Meetings, Incentives, Conferences, Events) — турли корпоратив тадбирларни ўз ичига олган ишбилармонлик туризми йўналишидир. Тўрт асосий тушунчадан иборат: meetings — корпоратив учрашувлар, incentives — рағбатлантирувчи ёки мотивацион сайёҳатлар ва дастурлар, conferences — конференциялар, форумлар, exhibitions — кўргазмалар, фестиваллар, пресс-турлар.

Маълумотга кўра, бу ишбилармонлик туризми йўналишидаги рекорд кўрсаткичдир. Гуруҳ шунчалик каттаки, унинг аъзолари диққатга сазовор Рейн шаршараси, Титлис тоғи, Люцерн, Базель ва Цюрихдаги шоппинг-марказларга қийналмай бориб келишлари учун ҳар бири тўрт минг кишилик гуруҳларга бўлинишига тўғри келади.

Охирги марта Швейцарияга энг катта MICE-гуруҳ Ҳиндистондан 2011 йили келганди — 3,5 минг нафар сайёҳ.

«Хитойлик сайёҳлар гуруҳининг келиши Швейцария туризм саноати учун жуда катта воқеа бўлди. Бу мамлакат ғазнасига қўшимча 14 миллион франк ($13,85 млн.) даромад келтиради», — дейилади «Swissinfo» хабарида.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг