Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ер юзидаги энг қиммат металл: олтин ҳам, платина ҳам эмас...

Ер юзидаги энг қиммат металл: олтин ҳам, платина ҳам эмас...

фото: https://vikant.com.ua/news/californium

Қимматбаҳо металл ҳақида ўйлаганимизда кўпчиликнинг хаёлига биринчи бўлиб олтин, платина ёки палладий келиши табиий. Бироқ сайёрамиздаги энг қиммат металл кўзимизни қамаштирадиган узук ёки зираклар ясаладиган ашё эмас. Бу жуда сирли ва хавфли бўлган радиоактив элемент бўлиб, унинг атиги бир грамми тахминан 27 миллион долларга баҳоланади. Бу ноёб металлнинг номи калифорний.

Калифорний илк бор 1950 йилнинг февраль ойида Берклидаги Калифорния университетида сунъий равишда синтез қилинган. Америкалик олимлар Стенли Томпсон ва Альберт Гиорсо кюрий атомларини альфа-заррачалар билан бомбардимон қилиш орқали янги элементни қўлга киритишган ва унга ўз ватани шарафига калифорний деб ном беришган. Даврий жадвалда у 98-рақамни эгаллаган. Бу сунъий элемент бўлиб, табиатда тоза ҳолда умуман учрамайди. Фақат уран маъданларидаги ядровий реакциялар пайтида жуда арзимас, микроскопик миқдорда ҳосил бўлиши мумкин.

Очиқ маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда калифорний изотопини синтез қиладиган атиги иккита марказ мавжуд. Улар Россиянинг Димитровград шаҳридаги Атом реакторлари илмий-тадқиқот институти ҳамда АҚШнинг Теннесси штатидаги  лабораториядир.

Бу метални олиш жараёни ўта мураккаб ва узоқ вақт талаб этади. Йилига АҚШ ва Россия биргаликда бор-йўғи 30-60 миллиграмм калифорний ишлаб чиқаради, холос. Тасаввур қилиш учун, битта қуруқ ловия донасининг вазни тахминан бир граммни ташкил қилади. Бу эса йиллик жаҳон ишлаб чиқариш ҳажми ловия донасидан бир неча ўн баробар кам дегани.

Калифорний кумушсимон оқ рангли, юмшоқ металл бўлиб, уни оддий пичоқ билан ҳам бемалол кесиш мумкин. Унинг суюқланиш ҳарорати қарийб 900 даража, қайнаш ҳарорати эса тахминан 1470 даражани ташкил этади. Бироқ унинг асосий кучи юқори радиоактивлигидадир. Энг кенг тарқалган калифорний-252 изотопи кучли нейтрон ва гамма-нурланиш манбаи ҳисобланади. Ўз-ўзидан парчаланиш хусусияти туфайли бу изотопнинг атиги бир грамми сониясига 2,3 триллион нейтрон тарқатади.  

Ишлаб чиқариш ҳажми жуда кам бўлишига қарамай, калифорний тиббиётдан тортиб коинот технологияларигача бўлган соҳаларда алмаштириб бўлмас восита. Масалан, у тиббиётда саратонга қарши курашда, яъни брахитерапия усулида қўлланилади. Бунда нурланиш манбаи тўғридан-тўғри хавфли шишнинг ичига жойлаштирилади. Калифорнийнинг нейтрон нурлари оддий рентгенга чидамли бўлган саратон ҳужайраларини самарали йўқ қилади. Нуқтали таъсир эса соғлом тўқималарга зарар етказмайди ва ножўя таъсирларни камайтиради.

Бундан ташқари, калифорний геология ва кончилик соҳасида қудуқларни геофизик тадқиқ қилишда ишлатилади. У таратадиган нейтронлар ер қаърига чуқур кириб боради ва акс-садога қараб жинсларнинг таркибини, намлигини, у ерда нефть ёки газ бор-йўқлигини аниқлаб беради. Бу усул бурғилаш харажатларини ва миллионлаб доллар маблағни тежаш имконини беради. Шунга ўхшаш усул билан тупроқ таркибидаги олтин, кумуш ва бошқа нодир элементларнинг ҳатто энг кичик зарраларини ҳам масофадан туриб аниқлаш мумкин.

Саноатда эса ушбу металл ёрдамида самолётлар, турбиналар ва ядровий реакторларнинг деталлари ичидан текширилади. Бу усул оддий рентген илғай олмайдиган микроскопик дарзлар ва ички нуқсонларни кўрсатиб беради, бу эса йирик аварияларнинг олдини олиб, минглаб инсонлар ҳаётини сақлаб қолади. Элемент фундаментал физикада ҳам жуда қадрли бўлиб, у атом ядроси тузилишини ўрганиш ва даврий жадвалдаги янги, ўта оғир элементларни синтез қилиш учун хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, калифорний шунчаки дунёдаги энг қимматбаҳо металл эмас, у инсоният яратган энг мураккаб ва ноёб илмий воситалардан бири. Бор-йўғи 76 йил аввал кашф этилган бу элемент бугун тиббиётда ҳаётларни сақлаб қолишда, ер ости бойликларини хариталашда ва илм-фан чегараларини кенгайтиришда муҳим рол ўйнамоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг